Мамлакатимизда 2022—2026 йилларда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Унда қурилиш материаллари тармоғини янада такомиллаштириш, соҳага хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳамда янги саноат корхоналарини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ҳақидаги маълумотларни “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси расмий манбаси орқали хабар берди.
Дастурга мувофиқ, 2026 йилга бориб тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 42,3 триллион сўмга етказиш ва бунда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг улушини 2016 йилдаги 32,3 фоиздан 53 фоизгача етказиш белгиланган. Натижада, асосий турдаги қурилиш материалларига бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қопланади. Жумладан, газобетон, иссиқлик сақловчи изоляция материаллари, қурилиш ойнаси, цемент каби маҳсулотлар бўйича ички талаб қопланиб, маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспортга йўналтирилади.
Шунингдек, 2026 йилга бориб қурилиш материалларининг экспорти 1,084 млрд долларга ёки 2021 йилга нисбатан 2,5 бараварга оширилади. Aсосий турдаги қурилиш материалларининг импорти 2020 йилга нисбатан 60 фоизга камайиб, 2026 йилда 185,6 млн долларни ташкил этади. Тармоқни ривожлантиришга 2 млрд долларлик инвенстициялар жалб қилинади. Янги инвестиция моделини амалга ошириш натижасида 2021-2025 йилларда 19,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади.
Ушбу даврда маҳаллийлаштирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилдагидан 1,7 бараварга оширилиб 1,55 трлн сўмга етказилади. 2022—2026 йилларда 7 турдаги янги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.