Бизнес-омбудсман девони ходимлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича ўрганиш ўтказди.

Бу ҳақда Бизнес-омбудсман Матбуот хизматидан хабар берилишича, ўрганишларда Қурилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий бош бошқармалари ходимлари томонидан 1326 ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишига йўл қўйилгани аниқланди.

Жумладан:

— Турли давлат хизматларини кўрсатишда 90 нафар ходим томонидан 1091 ҳолатда белгиланган муддатларни кечиктириш, ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш, мурожаатни асоссиз рад этиш каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

— Тадбиркорларнинг рухсат бериш билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқишда Фарғона вилоятида 8 та, Тошкент шаҳрида 3 та ҳолатда лицензиялаш ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган.

— Амалдаги тартибга асосан, лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш масаласини кўриб чиқиш муддати 7 иш куни қилиб белгиланган бўлсада, вазирлик марказий аппарати ходимлари томонидан 7  ҳолатда мазкур муддатнинг бузилишига йўл қўйилган.

— Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқилиши ўрганилганда 197 ҳолатда қонунчиликка зид равишда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ўтказиб юборилган.

— Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 20 ҳолатда ўтказилган ўрганишлар Бизнес-омбудсманни хабардор қилмасдан амалга оширилган.

Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани учун вазирлик ва унинг ҳудудий бош бошқармаларининг 143 ходимига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судларга юборилди.