Таъкидланишича, Қурилиш вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан мазкур стратегия доирасида
2021 йилнинг 9 ойида муайян ишлар амалга оширилган.
Аммо, мамлакатимизда қурилиш тармоғини янада такомиллаштириш, архитектура ва қурилиш органлари, муассасаларни изчил ривожлантириш механизмларини шакллантириш, соҳага илғор рақамли технологияларни жорий этишда долзарб масалалар ҳали ҳам мавжуд.
Хусусан, Фармон билан тасдиқланган Йўл хаританинг 51.1-бандида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва электрон маълумотлар базаларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, таъминотни аудитдан ўтказиш вазифаси белгиланган.
Бироқ, Қурилиш вазирлигининг ахборот тизимлари электрон маълумотлар базалари ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича «Киберхавфсизлик маркази» ДУК томонидан аудитдан ўтказилмаган.
Шунингдек, Йўл хаританинг 35.1-бандида Минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта ишлаб чиқариш давлат дастури доирасида табиий декоратив ва пардозлаш тошлари (гранит, мармар, травертин, габбро ва бошқалар) захираларининг янги конларини ўзлаштириш бўйича Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Қурилиш вазирлигига геология-қидирув ишларини олиб бориш вазифаси белгиланган. Лекин бу борада тегишли ишлар шу кунга қадар бошланмаган.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан Қурилиш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Киберхавфсизлик маркази» ДУКга жорий этилаётган ахборот тизимлари ва электрон маълумотлар базаларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ахборот хавфсизлиги таъминотини аудитдан ўтказиш ишлари якунлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда қурилиш кластерларини жорий этиш ва унинг мувофиқлаштирувчи органини белгилаш, муҳандислик -коммуникация ва йўл-транспорт инфраструктурасининг етарли қуввати билан таъминланган кўп квартирали уйларни қуриш учун ер участкаларини ўз вақтида аукционга қўйиш, хорижий тажрибани ўрганиш асосида ҳудуд эҳтиёжига қараб кластер ҳамкорлиги услубиёти лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялари билдирилди.
Мазкур масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.