Юртимиз кундан кун чирой очмоқда. Ҳашаматли бинолару замонавий уйлар бунга яққол мисол. Бироқ танганинг иккинчи томони бўлгани каби баъзи пудратчилар қураётган уй ва бошқа иншоотлар “мендан кетгунча, эгасига етгунча…” қабилида барпо этилаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Жумладан, Яккабоғ туманида “Юқори сифат инновацион қурилиш” МЧЖ қураётган 5 қаватли, 80 хонадонга мўлжалланган уй-жой биноси қурилиши 2019 йилда бошланган. Бугунги кунга қадар  қурилиш ишлари давом этмоқда. Қурилишда 17 нафар ишчи-ходим ишлаяпти. Қурилишни тугатиш жадвали тузилмаган. Ишчиларга дам олиши ва овқатланиши учун шарт-шароит яратилмаган, санитария қоидаларига амал қилинмаяпти. Овқатланишга мўлжалланган идишлар ювилмаган. Қурилишда ишлатилган ғиштлар сифатсиз. Ғишт териш ишлари шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермайди. Бино қурилиши назоратсиз қолган. Бажарилган бетон ишлари, ғишт ва қоришмалар учун лаборатория хулосалари олинмаган.

Шунингдек, мазкур туманнинг Алақарға қишлоғидаги 71-қишлоқ оилавий поликлиникасини реконструкция қилиш, яъни мавжуд бинони капитал таъмирлаш ва қўшимча бино қуриш ишлари ҳам 2019 йилда бошланган ва 2021 йил февраль ойида тугатилиб фойдаланишга топширилган. Бироқ, бинонинг реконструкция ишлари талаб даражасида бажарилмаган. Поликлиника фойдаланишга топширилганидан 3 ой ўтар-ўтмас яна таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Тез ёрдам машинаси учун мўлжалланган автотураргоҳ таъмири ниҳоясига етказилмаган. Поликлиника ичига тўшалган пол лойиҳа талабига жавоб бермайди. Бинонинг ички ва ташқи фасади ҳам талаб даражасида эмас. Бўёқлар кўчиб тушган. Ичимлик сув йўқ, ўрнатилган жўмраклар ҳам носоз. Кафел териш ишлари охирига етказилмаган, дея хабар қилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати.