Агар бундан унумли фойдаланилса, кичик майдондан ҳам яхшигина ҳосил ва даромад олиш мумкин. Кейинги йилларда юртимиз бўйлаб оммалашаётган шундай тажриба ортидан минглаб оилалар қўшимча даромад манбаига эга бўлиб, йилда бир неча марта ҳосил етиштиряпти.
Бунинг учун катта деҳқон ёки агроном бўлиш ҳам шарт эмас. Истак ва озгина ҳаракат бўлса кифоя. Қолганига томорқачилик корхоналари, агротадбиркорлар, ихтисослашувни чуқурлаштиришга қаратилган “Агростар” корхоналари кўмаклашмоқда. Улар талабгор хонадонларга уруғлик етказиб беришдан тортиб, етиштирилган маҳсулотни экспорт қилишгача бўлган жараённи зиммасига олмоқда. Ҳатто маҳсулот етиштиришни ўргатиш учун оилаларга агрономлар ҳам бириктирилади. Бу сифатли, ҳосилдор ва экспортбоп маҳсулот олишни таъминлайди. Қарабсизки, бу ҳамкорликдан аҳоли ҳам, агротадбиркор ҳам бирдек манфаатдор.
Қишлоқ хўжалигидаги мазкур замонавий усул илмий атамада кооперация, халқ тилида эса томорқачиликни ривожлантириш бўйича ҳудудлар тажрибаси сифатида оммалашиб боряпти. Кооперация сўзи ҳам айнан “ҳамкорлик”, “биргаликда ишлаш” маъноларини англатади. Бунда аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрий тарзда ўз мақсадлари ва ресурсларини бирлаштириб, бирга фаолият юритади ҳамда баравар фойда кўради.
Бу усул юртимиз қишлоқ хўжалиги, айниқса, томорқа ерлардан унумли фойдаланиш, йилда бир неча марта ҳосил олишда самара бермоқда. Агрокорхоналар ва аҳоли ҳамкорлиги ортидан ҳудудларда ихтисослашув кўлами кенгайиб, томорқаларда маҳсулот етиштириш кўрсаткичи, экспорт ҳажми ошяпти.
Бугун юртимизда 22 миллион тоннадан кўпроқ
мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилаётган бўлса, шунинг 70 фоизи
аҳоли томорқаси ва қишлоқ хўжалиги ерларига тўғри келади. Бу кўрсаткични сифат
жиҳатидан ҳам ошириш асосий вазифага айланган. Экспорт талабларига мос
маҳсулотларни етиштириш ва қайта ишлаш, жаҳон бозорида миллий брендимизни
оммалаштириш, янги бозорларга кириб бориш ана шу вазифаларнинг бир қисми.
Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2025
йил 14 февралдаги тегишли фармони ҳамда қарори билан юртимизда илк бор
“Uzagrostar xolding” компанияси ташкил этилиб, унинг таъсисчилигида 21 туманда
ихтисослаштирилган “Агростар” корхоналари иш бошлади. Бундай замонавий
корхоналарнинг пайдо бўлиши мамлакатимиз амалиётида томорқачилик ва
деҳқончиликни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Улар қишлоқ
хўжалигида маҳсулот етиштириш ва экспорт қилиш узлуксизлигини таъминлаш,
жаҳон бозорида миллий брендни яратишга қаратилган ҳаракатларнинг асосий кучига
айланиши мақсад қилинди.
Бу борада “Агростар” корхоналари бевосита
томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермерлар билан кооперация асосидаги ҳамкорликда
ишлайди. Уларга тупроқ таҳлилидан тортиб, юқори қийматли бозорларни топиш ва
аҳоли томорқасида етиштирилган маҳсулотларни ягона миллий бренд остида экспорт
қилишгача кўмаклашади. Бу маҳсулот экилишидан то пишиб етилгунига қадар
ихтисослашган компаниялар томонидан назорат қилинади дегани. Бунинг учун
“Uzagrostar xolding” компанияси томонидан ўнлаб хорижий мутахассислар,
малакали маҳаллий агроном, технолог, уста-деҳқонлар билан шартномалар
имзоланиб, улар агроконсультант сифатида иш олиб боряпти.
Холдинг таркибидаги корхоналарнинг ҳар
бири муайян қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган. Яъни ҳар
бир “Агростар” корхонаси ўзига бириктирилган ҳудудда томорқа ер эгалари ва
деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорлик асосида муайян турдаги маҳсулотни
етиштиришни йўлга қўяди. Масалан, “Yangiyo‘l — Agro Star” МЧЖ помидор ва
булғор қалампири етиштириш билан шуғулланса, “Asaka — Agro Star” МЧЖ сабзавот
кўчатлари, “Oltiariq — Agro Star” корхонаси эса узумчиликка ихтисослашган.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 27-28 апрель
кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида “Quva — Agro Star” корхонаси
фаолияти билан танишди. Бугун шундай ихтисослашган агрокомплекслар юртимиз
қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш занжирининг тарқоқлиги билан боғлиқ бўшлиқни
тўлдираётгани таъкидланди. Корхоналар сифатли маҳсулот етиштирибгина қолмай,
уларни сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва ташқи бозорга чиқариш узлуксизлигини ҳам
таъминламоқда.
Етказиб берувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам аниқ
Водийнинг машҳур туманларидан бирида
жойлашган “Quva — Agro Star” МЧЖ корхонаси анор, гилос, шафтоли каби меваларни
етиштиришда янгича ёндашувларни йўлга қўйган. Бироқ фаолияти бу билан чекланмайди.
Мажмуада йилига 12 турдаги 5000 тонна маҳсулот етиштирилиб, уларни сақлаш, қайта
ишлаш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган жараён ягона занжирда бирлаштирилган. Ҳар
бир босқич Италия, Испания, Германия ва Хитойдан келтирилган энг замонавий
технологиялар асосида олиб борилади.
Корхонанинг катта-катта ер майдонларида
интенсив гилос, шафтоли ҳамда бошқа мевали дарахтзорлар ташкил этилган. Улар
томчилатиб суғориш тизимига асосланган. Бу боғлардаги меваларга қараб,
замонавий усулда етиштирилаётганини пайқаш қийин эмас. Нафақат кўриниши, балки
таъми ҳам ўзгача мевалар халқаро талабларга мослиги билан жаҳон бозорида анча
харидоргир.
Аммо маҳсулотларнинг асосий қисми аҳоли томорқасида
етиштирилади. Корхона туманнинг 33 маҳалласидаги 3000 та хонадон ва 1000 та
деҳқон хўжалиги билан кооперация ҳамкорлигини йўлга қўйган. Бунда ҳудудларнинг
ихтисослашувидан келиб чиқиб, турли йўналишларда иш юритилади. Йўналишлардан
бири сифатли, иқлимга мос, касалликларга чидамли кўчат етиштириш билан боғлиқ.
Туманда кўчатчиликка ихтисослашган маҳаллалар бор. “Агростар” корхонаси улардаги
хонадонларга гилос, шафтоли каби мевали дарахтлар, гул навлари пайвандтагини
етказиб беради. Бу пайвандтаглар корхонанинг “инвитро” лабораториясида
замонавий усул ҳамда махсус шароитда тайёрланади. 40 сотих майдонда эса
микроиқлимли иссиқхона қурилган бўлиб, унда йилига 1 миллионта пайвандтаг
тайёрлаш имконияти мавжуд.
— Хонадонларда кўчат кооперация шартномаси
асосида етиштирилади, — дейди “Quva — Agro Star” МЧЖ директори ўринбосари
Жаҳонгир Ёқубов. — Бунда биз аҳолига сифатли навдаги пайвандтаг етказиб
берамиз. Одамлар эса ундан ўз томорқасида икки йил давомида кўчат тайёрлайди.
Ушбу кўчатларни келишилган нархда сотиб оламиз. Пайвандтаг харажати чегириб
ташланганда ҳам хонадон эгалари кўчатдан бир неча баробар кўп даромад кўриши
мумкин. Тайёр кўчатлар эса томорқа ер эгалари, фермер ва деҳқон хўжаликларига
маҳсулот етиштириш ҳамда боғ барпо этиш учун етказиб берилади. Бу жараён ҳам
бевосита корхона иштирокида бажарилиб, кўчатни харид қилган хонадонлардан
етиштирган маҳсулотларини ўзимиз сотиб оламиз ёки экспортга йўналтиришга
кўмаклашамиз.
Сифатли ва экспортбоп маҳсулот етиштиришнинг
асосий механизмларини корхона зиммасига олади. Аҳоли эса экинларни томорқасида
парваришлаб, тайёр ҳолатга келтириб бериши керак. Бунинг яхши жиҳати шуки,
одамларни кўчатнинг сифатсизлиги, агротехник тадбирлар билан боғлиқ тажрибасизлик
ва энг асосийси, тайёр маҳсулотни сотиш муаммоси безовта қилмайди. Аҳоли ўз
томорқасидан фойдаланади ва бунинг учун яхшигина даромадга эга бўлади. Ҳудудларнинг
бир маҳсулотга ихтисослашиши эса сотув ва экспорт имкониятини кенгайтирмоқда.
Туманнинг Ўзбекистон, Турк, Қақир маҳаллалари
гулчиликка ихтисослашган. Аксарият хонадонларда гул кўчати тайёрланади.
“Агростар” бу йўналишда ҳам қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Сифатли гул кўчатларини
етиштириш бўйича талабгорларга бўлиб тўлаш ёки имтиёзли кредит шартлари асосида
микроиқлимли иссиқхоналар қуриб бериляпти.
Ҳозир кўчат етиштиришда пешқадам
хонадонлар сони анча кўпайган. Шу боис, Қува тажрибаси туманнинг ўзидан ташқари
бошқа ҳудудларда ҳам кенг ёйилиб бормоқда. Жараён давомида одамларга кичик ер
майдонидан кўпроқ даромад олиш амалиёти ўргатиляпти. “Агростар” корхоналарининг
ўзига хос жиҳати ҳам шунда — улар танлаб олинган ҳудудларда аҳолини ўз
томорқасида белгиланган турдаги маҳсулотни етиштиришга жалб қилиш билан
чекланмай, одамларни шу йўналишда ўқитиб, тажрибали ҳудудлар, хонадонлар
амалиёти билан таништириб боради. “Uzagrostar xolding” компаниясига бириктирилган
тижорат банклари эса талабгорларга молиявий масалаларда кўмак беради.
“Агростар” корхоналари олдига қўйилаётган
асосий вазифалардан бири ҳам шу — аҳолига уруғ танлаш, агротехник тадбирларни
тўғри бажариш, сифатли ҳосил олиш, маҳсулотни бозор талабига мос ҳолда
тайёрлаш ва экспорт стандартларига мувофиқ қадоқлаш бўйича амалий кўникмалар
беришга қаратилган. Боиси, энди томорқа шунчаки қўшимча даромад манбаи эмас,
балки оилавий тадбиркорликнинг самарали йўналишига айланиши керак.
Бугун “Quva — Agro Star” корхонаси
саъй-ҳаракатлари билан одамларга 10 сотих томорқадан 250 миллион сўмгача
даромад олиш амалиёти ўргатилаётгани бунинг яққол мисоли. Давлатимиз раҳбари
агрокорхона эришаётган натижаларни юқори баҳолагани боиси шунда.
Барча хизмат — бир манзилда
Фарғона вилояти азалдан сара мевалари билан ном чиқарган. Водийнинг узум ва аноридаги таъмни бошқа жойдан топиш қийин. Уларнинг тилни ёрадиган шираси хорижда ҳам машҳур. Бу меваларни қайта ишлаб олинадиган тайёр маҳсулот эса янада харидоргир.
“Quva — Agro Star” корхонасининг замонавий
ишлаб чиқариш тармоқларида водийда пишиб етилган энг сара мевалар қайта ишланади.
Жумладан, қуритилган мева ҳамда бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Узум
майизга, ўриклар туршакка айлантирилганида ҳам таъмини сақлаб қолади. Чунки бу
энг илғор усул ва технологиялар орқали бажарилади. Қадоқланган тайёр
маҳсулотлар эса хориж бозорига ўзимизнинг миллий бренд — “Dehkan” номи остида
экспорт қилинмоқда.
— Маҳсулотларимиз Global GAP, ISO 22000,
Halal ҳамда HACCP каби халқаро сертификатларга эга бўлиб, бу жаҳон майдонида
миллий брендимизга ишонч ва қизиқишни янада оширади, — дейди Жаҳонгир Ёқубов.
— Йилдан йилга экспорт географиямиз кенгайиб бормоқда. Ўтган йили илк бор
Япония ва Жанубий Корея каби талабчан бозорларга авиатранспорт орқали маҳсулот
экспорт қилдик. Чет давлатларда анор, гилос, қуритилган мевамизга талаб катта.
Бу йўналишда ҳозир бозорда рақобат кучли экани ҳам бор гап. Биз маҳсулотларни
замонавий усулда қайта ишлаб, қадоқлаш баробарида асл таъми ва юқори сифатини
сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Бу харидорларимизга ҳам маъқул. Жорий йил учун
кўплаб экспорт шартномалари имзолаганмиз. Йил давомида ташқи бозорга 25 миллион
долларлик маҳсулот етказиб бериш режалаштирилган.
Бу режа нафақат корхонанинг ўзида, балки
аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилаётган маҳсулотлар
ҳисобига бажарилади. Корхона вилоятнинг Қува ва Қувасой туманларидаги 12 минг
гектар боққа хизмат кўрсатиш орқали меваларни етиштиришдан тортиб, уларга
харидор топиш ва экспорт қилишгача кўмаклашади. Маҳсулотлар патентланиб, қайта
ишланади ва миллий брендда қадоқланади. Қолаверса, “Агростар” ўз маҳсулотларини
сотишга қийналаётган аҳоли хонадонлари билан ҳам ишлаяпти. Томорқаларда
етиштирилаётган маҳсулотларни саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сифатли тайёр
маҳсулотга айлантириш орқали сотиш ва харидор топиш хизматларини кўрсатмоқда.
Бунинг учун янги агрокомплекс лойиҳаси
амалга оширилди. Қува тумани “Турк” МФЙдаги 3,5 гектар майдонда йирик ва замонавий
мажмуа қурилди. Унда катта ҳажмдаги совиткичли омбор мавжуд. Меваларни
саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш линиялари ишга туширилган.
Агрокомплекс бир вақтнинг ўзида 15 экспортёрга хизмат кўрсатиш қувватига эга.
Корхона лойиҳаларни кенгайтиришда давом
этмоқда. Қисқа муддатда Қува тажрибасини йўлга қўйган ушбу ҳудуд нафақат
туман, балки юртимизда интенсив боғлар барпо этиш, маҳсулот етиштиришдан ишлаб
чиқаришгача бўлган занжирни фаоллаштириш, жаҳон бозорида миллий брендларни
танитишда етакчилардан бирига айланган. Олдинда эса кўзланган режалар кўп. Агрокорхона
кооперация усулидаги лойиҳаларни кўпайтириш, аҳоли томорқасида сифатли,
экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали ҳам ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳам
одамларни даромадли қилишда давом этади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири