Комила КАРОМОВА, Қашқадарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби:
Мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни, нуфузи ва фаоллигини оширишга катта эътибор ва аҳамият қаратиляпти. Айни пайтда ўз фаолияти билан эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи хотин-қизлар рағбатлантирилмоқда, мукофотлар билан тақдирланмоқда. Жумладан, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашаётган ҳамда ташаббускор бир гуруҳ аёллар қаторида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганим ҳам чексиз қувонч бағишлади, ҳам зиммамга юксак масъулият юклади.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти, аввало, маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла — жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт”, деб алоҳида таъкидлади. Юртимизда маҳалла мақомини юксалтириш, маҳалла раиси мавқеи ва нуфузини ошириш, барча соҳа вакилларини “хонадонбай” ва “маҳаллабай” тизими асосида ишлаши бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди.
Бугунги кунда одамлар ҳаётига чуқур кириб бормай, улар билан мулоқот қилмай туриб, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ечим топиш мушкул. Айни шу мақсадда халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасида буткул янгича тизим йўлга қўйилди. Қашқадарё вилоятида 772 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда 626 минг 189 хонадон, 778 минг 924 оила, 3 миллион 300 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фаоллари, соҳа вакиллари ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон ва оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўряпмиз. Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, деганларидек, муаммо ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмай халқ ичига, одамлар орасига кириб бориб, мавжуд масалаларни эрта аниқлаш ва ҳал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бундан кутилган асосий мақсад — аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш, уларга тезкор, самарали ва ҳаётий ечим топишдан иборат.
Янги давр зиммамизга катта вазифаларни юкламоқда. Улар ижросини самарали таъминлаш ҳар қачонгидан-да фаол ва ташаббускор бўлиш, жойларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлақонли жорий этиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасидаги ишларни янгича мазмун билан бойитишни тақозо этади.