Кўрсатиладиган хизматларнинг тезкор, қулай ва шаффофлиги эса аҳолининг бу тизимдан розилигига сабаб бўлаётир. Марказларда аҳолига яратилган барча шароит вақтни тежаш, турли оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш имконини беради.

Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан туман-шаҳар Давлат хизматлари марказлари фаолияти мониторинги натижаларига кўра, 2020 йилда Гулистон шаҳар Давлат хизматлари маркази ходими Бахтиёр Абдуқодиров аҳолига 9 197 та давлат хизматлари кўрсатиб, ўтган йилнинг энг фаол ходими, дея эътироф этилди.

— Мурожаат қилиб келган ва иши битиб, кўтаринки кайфиятда раҳмат айтиб кетаётган фуқароларнинг юзларидаги мамнунлик менга куч-қувват бағишлайди, чарчоқларимни унутаман, — дейди Бахтиёр ним табассум билан.

Дарҳақиқат, раҳмат сизга, деган жуда оддий сўз замирида бир олам маъно мужассам. Бу эса ўз-ўзидан одамларнинг ҳаётдан мамнун ва рози бўлиб яшаши учун яратилаётган шароитларнинг самарасидир.

Дилфуза Жарбекова