Муқаддас китобимиз “Қуръони карим”да “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”, (Бақара сураси, 185-оят) деб айтилган.
Рамазон ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади. Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар”.
Рамазон ойида инсон рўза тутиш орқали ўзини оч-наҳор юрган одамлар аҳволидек ҳис қилиб, етим-есирларга, касалманд ва муҳтож оилаларга ёрдам бериб, савоб олишга ҳаракат қилиши лозим экан.
Маълумки, бундан икки йил аввал шу улуғ айём кунлари арафасида (2020 йилнинг 20 апрель куни Президентимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил этилгани энг эзгу амаллардан бўлди. Давлат саховатпеша тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади, уларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берди. Энг асосийси, кам таъминланган инсонлар ва оилаларга меҳр ва ҳурмат билан ёрдам қўлини чўзиш бу тадбиркорлар ва фермерлар, хўжалик бирлашмалари вакиллари, вазирлик, идора ва ташкилотлар ишчи-ходимлари ва умуман ҳар қандай инсон учун ҳам савоб, ҳам ватанпарварлик намунаси бўлди.
“Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағлар коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга ёрдам беришга йўналтирилди. Бундай ёрдам пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар кўринишида бўлиши Жамғарма низомида белгилаб қўйилди. Жамғарма низомида белгиланишича, туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари тегишли маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳаллалардаги ҳар бир оиланинг, фуқаронинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда ҳафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати (“темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари) ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар ҳажмини шакллантирди ва йиғилган маълумотлар ҳалқ депутатлари маҳаллий кенгашларига киритилди.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, шу икки йил ичида Жамғармага халқимиз ва тадбиркорлардан бир неча юз миллиардлаб сўм ва миллионлаб валюталар йиғилиб, белгиланган тартибда кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифатида шу кунгача тарқатиб келинмоқда.
Бу эса юртдошларимизнинг нафақат Рамазон ойида, балки ҳар куни саховатли бўлиш кераклигини чуқур ҳис қилиб, эзгу амалларини кўпайтиришга астойдил интилаётганидан далолат.
Савоб ишни ҳар куни қил, дейилади аслида. Бироқ, аксариятимиз бунга ҳар куни қодир бўла олмаслигимиз аниқ. Шундай экан, лоақал гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилиш, айниқса, Рамазон ойида бир-биримизга очиқ чеҳра, кенг кўнгилли бўлишлик барчамизга насиб этсин!
Фозил СУЛТОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими