Бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани, ислом дини ва цивилизациясини ривожлантиришдаги роли дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Ўрта асрларда юртимизда Қуръон ва ҳадислардаги илм, маърифат ғоялари таъсирида халқимизнинг буюк алломалари етишиб чиқди. Аждодларимизнинг ноёб меросини ёш авлодга етказиш, халқимизнинг қадриятларини тиклаш мақсадида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий маркази ташкил этилди.

Муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган, ҳадис илмининг султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг улкан меросини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб этиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш асосида ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган ушбу марказ қошидаги музейда айнан ҳадисшунос олим Имом Бухорий ҳаёт йўли ва фаолиятига бағишланган экспозицияга кўзингиз тушади.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Алишер Алиқулов мўйқаламига мансуб бўлган “Имом Бухорийнинг ҳаёт йўллари ва мероси” деб номланган маҳобатли деворий сурат ўзининг бадиий-илмий ечими, тугалланган композицияси, хадисшунос олим Имом Бухорий даври муҳитини тўлақонли ифода этиб берганлиги билан эътиборлидир.

Маҳобатли деворий суратнинг умумий ўлчами 280х42 мни ташкил этиб, унда буюк муҳаддис олимнинг илм ўчоқларидаги 40 йилдан ортиқ илмий сафарлари тафсилотлари тасвирланган. Яъни, музейга кирганимизда ўнг томон юқори қисмдаги бошланган биринчи суратда Имом Бухорийнинг 16 ёшларида илмий сафарлари бошланиши, туя устида оналари, от устида эса акалари Аҳмад билан ҳаж ибодатини мақсад қилиб, Бухородан Арабистоннинг Макка ва Мадина шаҳарларига жўнаб кетиши акс эттирилган.

 Асар Имом Бухорийнинг устозларидан таҳсил олиш жараёнлари, ўткир зеҳн, кучли хотирага эга бўлганликлари ҳақида ҳикоя қилади. Имом Бухорийнинг устозлари билан ҳадис илмидан суҳбати, ислом диёрларида устозларидан жамлаган ҳадислар орасидан энг саҳиҳ-ишончлиларини саралаб олиши ҳақида сўзлайди. Шунингдек, ўша суратнинг икки томонида алломанинг нафақат ҳадисшунослик, балки фалакиёт илми, меъморчилик санъатига бўлган қизиқишлари деталлар ёрдамида кўрсатилган.

Яна бир суратда Бағдодда ўтказилган имтиҳон жараёни тасвирланган. Тарихдан маълумки, бошқа Шарқ мамлакатларининг муҳаддис олимлари ҳам ҳадисларни тўплаш машғул бўлишган. Асарда турли либослардаги ҳадисшунос олимларнинг тасвирланиши фикримиз далилидир. 10 та буюк муҳаддис олимлар қаршисида Бағдодда ўтказилган имтиҳон жараёнида Имом Бухорий ўзларининг зеҳни, илмларига ишонган тарзда, мағрур турган ҳолда рассом томонидан тасвир этилган. Ушбу тасвирда навқирон муҳаддис олим Имом Бухорий уларнинг саволларига аниқ ва тўғри жавоб бераётган ҳолатлари рассом томонидан жуда моҳирона тасвирланган. Композициядаги бошқа муҳаддис олимларнинг либослари, бош кийимлари, ҳаттоки асарда кўрсатилган интерьернинг кўриниши рассомдан катта билим талаб қилганлиги шубҳасиз.

Маҳобатли рангтасвир асарининг олтинчи фрагментида Имом Бухорийнинг Бағдоддаги мухаддислар олдида ўзларининг илмлари билан эътирофга сазовор бўлиб, ёруғ юз билан ватан соғинчи ила она юрти бўлмиш Бухорога қайтиб келаётганликлари ва Бухоро халқи томонидан хурсандчилик ила кутиб олиниши тасвирланган. Яъни, юриб кетаётган Имом Бухорий, уларга йўл кўрсатаётган ватандошлари кўзларида қувонч, патнисларда нонлар билан қарши олмоқдалар. Уларнинг йўллари тўғрисида, лавҳ устида Қуръони каримнинг тасвирланиши ҳам халқимизнинг ҳамиша ислом арконларини мукаммал билишларини, ҳамда бош ғоямиз маърифат, эзгулик ила йўғрилиб келаётганини англаш мумкин.

 Еттинчи суратда эса алломанинг Бухорода толиби илмларга ҳадис илмидан таҳсил бераётганликлари акс этган. Яъни, Имом Бухорий ўзларининг қирқ икки йиллик фаолияти давомида ўзларидан кўплаб шогирдлар қолдирганликлари, ҳамда бугунги кунда ҳам устоз-шогирд анъанаси давом этиб келаётгани тасвирланган.

Саккизинчи суратда эса Имом Бухорийнинг ўз ватани Бухорони тарк этиб, Самарқандга кириб келиши тасвирланган. Биламизки, Имом Бухорийнинг ҳаётлари деярли саёҳатда, саҳиҳ ҳадисларни тўплаш билан ўтган. Аллома ҳаётларининг сўнгги йилларини Самарқандда ўтказганликлари тарихдан маълум.

 “Имом Бухорийнинг ҳаёт йўллари ва мероси” деб номланган маҳобатли рангтасвир асарининг фон қисмларига эса улар қолдирган ҳадисларнинг турли тилларда яъни, ўзбек, инглиз, рус, араб, турк, испан, форс ва хитой тилларидаги кўринишлари акс этган.

Бундан ташқари рассом тачпанелларда Марказий Осиё китобат санъатининг ўзига хос ривожи, тараннумини акс этиш мақсадида қўлёзмаларнинг саҳифалари ва араб ёзувининг турли кўринишлари акс этган тасвирларни ҳам моҳирона ифода эта олган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидламоқ жоизки, дунёнинг қайси бурчагига бормайлик, бизга Имом Бухорийнинг ватандоши, авлодлари – бухорийлар деб катта ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлишади, ҳавас қилишади. Имом Бухорий барчамизнинг фахримиз, ифтихоримиздир. Моҳир мўйқалам устаси Алишер Алиқулов ана шу ифтихорни ўзининг рангтасвир асарларида тарихий манбалар ёрдамида тараннум эта олган ижодкордир.

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари доктори