Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимининг жадал рақамли ривожланишини таъминлаш, шу жумладан электрон давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги Фармони билан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.
Стратегия Ўзбекистон Республикасининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда ўрта ва узоқ муддатли истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, рақамли технологияларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби, суд-тергов соҳасида рақамли ислоҳотлар самаралаи амалга оширилди.
Хусусан, Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепциясига кўра, суд-тергов фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунда, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланиб, аҳолига бир мунча қулайликлар яратилмоқда.
Бу борада, ўтган даврда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарорига кўра жиноят ишларини юритиш тартибини босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Бунда, жиноят ишлари бўйича иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида суриштирув органларининг прокуратура органлари, судлар ва жазони ижро этиш органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имкониятини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, жиноят ишлари бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябрдаги Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизими жорий этилиб, мазкур тизим статистик карточкаларнинг электрон шаклларини тузиш орқали жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамалари ҳамда суд қарорлари ижроси натижалари, шунингдек, айбланувчи ва жабрланувчи тариқасида жалб этилган иштирокчилар бўйича маълумотларнинг ягона ҳисобини юритишга мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Ишни судга қадар юритишда ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ишни судга қадар юритиш масалалари бўйича мазкур тизим жорий этилмоқда.
Жиноят-процессуал қонунчиликка кўра, гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар ва айбланувчилар иштирокидаги тергов ҳаракатлари (сўроқ, шахсларни ва нарсаларни таниб олиш, юзлаштириш) мазкур шахсларни улар турган жойдаги ёки яшаш жойидаги вилоятнинг ёки туманнинг ёхуд шаҳарнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органига ёки судига чақирган, техник воситалардан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. Видеоконференцалоқа жараёнида тергов ҳаракати иштирокчилари тергов ҳаракати жараёни ва натижаларини тўғридан-тўғри трансляция орқали бевосита кузатиб боради.
Шунингдек, судлар фаолиятига замонавий технологияларни жорий этилиши мукаммал одил судловга эришиш ва тизим фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.
Судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг амалий ифодаси сифатида “Адолат” ахборот тизимлари комплекси, барча инстанция судлари фаолиятига “E-XSUD” ҳамда “E-SUD” ахборот тизимлари ҳамда марказлаштирилган электрон маълумотлар базалари, “my.sud.uz” интерактив хизматлар портали, шунингдек судлар фаолиятига доир статистик ҳисобот маълумотларини онлайн тарзда олиш имконини берувчи “stat.sud.uz” сайти ишга тушурилганлиги эътиборга лойиқ.
Қайд этиш лозимки, судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши ўз навбатида фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш, тизим фаолиятида ортиқча қоғозбозликни чеклаш, олис ҳудудуларда яшовчи фуқароларга мусофадан судларда иштирок этиш имкониятини таъминлаш билан бирга, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни оширади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ёрқин намунаси ҳисобланган суд-тергов соҳасини рақамлаштириш, авваламбор аҳолига ҳамда соҳада фаолият юритувчи ходимларга қулайлик яратиб, вақтни тежаш билан биргаликда, ортиқча қоғозбозликларга чек қўйилиб, соҳада иш ҳажми юкламаларини ошиб кетишини олдини олади.
Дилдора Базарова,
Тошкент давлат юридик университети
профессори