Энди коммунал тўловлардан тортиб, турли харидларни ҳам уйдан чиқмай, онлайн амалга ошириш мумкин. Зеро, бу қулайликларни молиявий соҳадаги ислоҳотлар ҳосиласи дейиш мумкин.

Бинобарин, бугунги натижалар Ўзбекистон рақамли тўловларни жорий этиш босқичидан аллақачон ўтиб бўлганини яққол намоён этади. Ҳозир савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақдсиз тўловлар улуши 66 фоизга етди. Келгусида ушбу кўрсаткични 75 фоизга етказиш режалаштирилгани давлат сиёсатининг изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилганини тасдиқлайди.

Энг муҳим жиҳатлардан яна бири тизимнинг техник ва институционал жиҳатдан тўлиқ тайёр эканидир.

2026 йил 1 март ҳолатига кўра, мамлакат бўйича 433,3 мингта ПОС терминал, 42,3 мингта банкомат ва инфокиоск, 7061 та нақд пул қабул қилувчи қурилма ҳамда 70,5 миллиондан ортиқ банк картаси мавжуд. Бу кўрсаткичлар нафақат йирик шаҳарларда, балки ҳудудларда ҳам рақамли тўловлар учун зарур инфратузилма тўлиқ шаклланганини кўрсатади.

Шу билан бирга, банк тизими фақат техник жиҳатдан эмас, балки операцион ва хизмат кўрсатиш нуқтаи назаридан ҳам янги талаблар даражасига мослашди. Реал вақт режимидаги тўловлар тизими, мобил банк хизматларининг асосий каналга айланиши ва финтех ечимларининг кенг жорий этилиши банк секторининг рақамли платформага айланганини кўрсатади. Бугун молиявий хизматлар фақат банк биноси билан чекланмай, фуқароларнинг кундалик ҳаётига ҳам чуқур кириб борган.

Статистик кўрсаткичлар бу жараённинг амалий натижаларини тасдиқлайди. 2025 йил якунларига кўра, тўлов терминаллари орқали амалга оширилган операциялар ҳажми 460,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилдагига нисбатан 1,4 баробар ошди. Банк карталари сони эса 68,2 миллионтага етиб, йил давомида 10 фоиз ўсди. Бу эса аҳолининг рақамли тўлов воситаларига ишончи тобора ортиб бораётганини англатади.

Биргина Тошкент шаҳрида жамоат транспортида нақд пул орқали ҳисоб-китоб­лар бекор қилиниши қисқа муддатда катта натижа берди. 2025 йилда транспорт тизими орқали 692 миллион транзакция амалга оширилган. Бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан 36 фоиз кўпдир. Йўловчилар сони
206 миллионга етиб, 31 фоиз ўсди. Тушум эса 644 миллиард сўмни ташкил этиб,
16 фоиз кўпайган. Бу рақамлар рақамли тўловларга ўтиш аҳолининг табиий ва тез мослашуви билан кечаётганини кўрсатади.

Коммунал хизматлар соҳасида ҳам сезиларли ижобий натижаларга эришилди. 2025 йилда газ ва электр энергияси учун тушумлар 23,5 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилдагига нисбатан 42,7 фоиз ошди. Бу эса рақамли тўловлар тизими ҳисоб-китобларнинг тўлиқлиги ва молиявий интизомни таъминлаётганини яққол намоён этади.

Молиявий хавфсизликнинг янги стандарти

Президентимизнинг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йил 1 апрелдан давлат хизматлари, коммунал тўловлар, ёнилғи, айрим товар ва хизматлар ҳамда йирик қийматдаги битимлар бўйича ҳисоб-китоб­лар нақдсиз шаклга ўтказилди. Юқорида таъкидлаганимиз — рақамлаштиришнинг мантиқий давомидир. Ушбу фармон ижроси орқали нафақат иқтисодий жараёнларнинг шаффофлиги ошади, балки фуқаролар манфаати янада ишончли ҳимоя қилинади.

Айниқса, кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида жорий этилаётган эскроу тизими молиявий хавфсизликнинг янги стандартини белгилайди. Ушбу механизм орқали маблағлар банкда сақланади ва битим фақат ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқлангандан кейин якунланади. Бу эса фирибгарлик ҳолатларини камайтириш, томонлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва иқтисодий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.

Халқаро тажриба ҳам айнан шу йўлнинг тўғрилигини тасдиқлайди. Ривожланган давлатларда нақдсиз тўловлар устувор ва кўплаб мамлакатларда йирик тўловлар фақат рақамли шаклда амалга оширилади. Тадқиқотлар бундай тизим яширин иқтисодиётни сезиларли даражада қисқартириши ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашини кўрсатади.

Бугун Ўзбекистон ушбу йўналишда глобал тенденциялар билан ҳамнафас ҳаракат қилиш баробарида минтақада илғор тажриба намунасини ҳам шакллантирмоқда. Энг муҳими, яратилаётган тизим марказида инсон манфаатлари турибди. Фуқарога қулай, тезкор ва хавфсиз хизмат кўрсатиш барча ислоҳотларнинг асосий мақсадидир.

Халқаро тажриба

Европанинг саккиз мамлакати маълумотлари асосида “Яширин иқтисодиётни рақамли тўловлар орқали қисқартириш” ­мавзусида тайёрланган тадқиқот натижаларига кўра, нақдсиз тўловларни мажбурий жорий этиш яширин иқтисодиётни ЯИМга нисбатан умумий ҳисобда 3,5-8 фоиз оралиғида қисқартириш имконини беради.

Давлатлар бўйича олганда, нақдсиз тўловлар улуши Норвегияда 98, Буюк Британияда 91, Швеция, Дания ва Финляндияда 90, Австралияда 87 ва Жанубий Кореяда
84 фоизни ташкил қилади.

Хорижий давлатларда ҳам яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсадида товар ва хизматлар учун тўловларни нақд пулсиз ­шаклда амалга ошириш бўйича кўплаб таж­риба мавжуд. Масалан, фуқаролар томонидан Испания ва Францияда 1000 евродан ҳамда Грецияда 500 евродан ортиқ қийматдаги тўловлар фақат нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши белгиланган.

Бугунги талаблар аҳоли ва бизнес учун нима беради?

Мамлакатимизда молиявий муносабатларнинг нақдсиз шаклига ўтиш, биринчи навбатда, фуқаролар учун тўловни тезроқ, тушунарлироқ ва хавфсизроқ амалга ошириш имконини беради. Рақамли тўловларда ҳар бир операция қайд этилади. Бу эса тўлов тарихини шакллантириш, фуқаролар ҳамда бизнес учун баҳсли ҳолатларда далил базасини яратишга хизмат қилади.

Муҳим жиҳат эса, фуқарога “янги талаб” эмас, балки қулай хизмат етиб бориши, яъни тўлов қилиш осон бўлиши, тасдиқ олиш тез бўлиши, банк ва тўлов инфратузилмаси эса узлуксиз ишлашидир.

Мақсад шуки, банк инфратузилмаси тайёр ҳолатга келтирилиши керак. Токи ёнилғи қуйиш шохобчасига келган фуқаро тўлов усули сабабли хизматдан фойдалана олмай қолмасин. Фуқаро бензин олиш учун келдими, бензинини қуйдириб кетиши керак. Унда пластик карта бор-йўқлиги муаммо бўлмаслиги лозим.

Айрим изоҳларда “Марказий банк банклар ёки тўлов ташкилотларини мажбурламоқда” деган қарашлар учрамоқда. Бироқ Марказий банкнинг асосий вазифаси нақдсиз ҳисоб-китоб шаклига ўтиш жараёнини мувофиқлаштириш ва тизим даражасида банк инфратузилмасининг тайёрлигини таъминлашдан иборат. Яъни Марказий банк тўловларни қандай амалга ошириш бўйича тижорат қарорларини белгиламайди.

Банклар ва тўлов ташкилотлари эса, ўз навбатида, истеъмолчилар — мижозлар ва фуқаролар учун барча зарур шароитни яратиши лозим. Бу, аввало, тўлов инфратузилма — банкоматлар, терминаллар, нақд пулни қабул қилиш ва ҳисоб-китоб механизмлари, шунингдек, қулай рақамли тўлов ечимлари тўлиқ ишлаши деганидир.

Яъни асосий ёндашув бундай: фуқаро хизматдан фойдаланишда қийналмаслиги керак. Бунинг учун барча инфратузилма элементлари олдиндан тайёр ва узлуксиз ишлайдиган ҳолатда бўлиши шарт.

Нақдсиз тўловларга ўтиш айнан бугун бошланган жараён эмас. У сўнгги 5-6 йил давомида босқичма-босқич жорий этиб келинмоқда. Бугун давлат хизматлари, электр энергияси ва газ тўловлари, шунингдек, биллинг тизими орқали кўплаб тўловлар аллақачон нақдсиз шаклга ўтган. Аҳоли амалга ошираётган тўловларнинг катта қисми рақамли каналлар орқали ўтказилмоқда ва бу кўрсаткич йилдан йилга барқарор ўсмоқда. Бу ҳолат жамиятда нақдсиз ҳисоб-китобларга нисбатан ишонч ва одат шаклланаётганини кўрсатади.

“Нега миллий валютадаги нақд пул қабул қилинмаяпти, бу менинг ҳуқуқим эмасми?”

Ижтимоий тармоқларда шу мазмундаги савол энг кўп берилмоқда. Пул — шакл эмас, қиймат. У нақд ёки рақамли бўлиши мумкин, лекин ҳар иккиси ҳам бир хил миллий валюта. Энг муҳими: пулингиз — сизники. У картада бўладими ёки нақд кўринишда — фарқи йўқ. Масалан, агар маблағингиз пластик картада бўлса, уни исталган вақтда банкомат орқали нақдлаштириш мумкин. Яъни рақамли пул — бу “бошқа пул” эмас, балки худди шу миллий валютанинг замонавий шаклидир.

Бироқ бу ерда асосий масала пулнинг шакли эмас, унинг айланиш механизми ва замонавий молиявий технологияларидадир. Бугун пул шакли ривожланиб бормоқда ва рақамли формат орқали ҳисоб-китоб қилиш тезкорлик, хавфсизлик ва қулайликни таъминлайди.

Коммунал тўловлар бўйича ҳам аҳоли учун қатор амалий қулайликлар яратилган. Хусусан, электр энергияси, газ ёки сув учун тўловларни инфокиосклар, барча тўлов ташкилотлари ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали амалга ошириш мумкин. Бунда пластик карта мавжуд бўлса, уни тўлдириш орқали, карта мавжуд бўлмаган ҳолатларда эса инфокиоскнинг ўзи орқали тўловни тез ва қулай амалга ошириш имконияти мавжуд. Бу эса тўловларни фақат банк бўлимига бориб эмас, балки кундалик ҳаётга яқин ва қулай инфратузилма орқали амалга ошириш имконини беради.

Аввалги амалиётда айрим ҳолатларда коммунал тўловларни нақд пул шаклида қабул қилиш учун масъул ходимлар уйма-уй юриб тўловларни йиққан бўлса, энди бундай амалиётга эҳтиёж бўлмайди. Бу, бир жиҳатдан, хонадон эгаларини ортиқча безовта қилишнинг олдини олса, иккинчи томондан, нақд пулни йиғиш билан боғлиқ ташкилий ва молиявий харажатлар камаяди.

Масалан, аҳолининг газ ва электр истеъмоли учун тушумлар 2025 йилда 23,5 триллион сўмни ташкил этиб, 2024 йилдаги (16,5 триллион сўм)га нисбатан 42,7 фоиз ошишига эришилган. Бу эса коммунал хизмат учун нақд пулсиз тўловларнинг жорий этилиши тушумлар тўлиқлигини таъминлашга имконият яратаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, мамлакатда рақамли тўловлар инфратузилмасининг ривожланиши йирик рақамли экотизимлар мисолида ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, маркетплейс мобил иловалари ҳамда рақамли банклар ва мобил иловалар доирасида онлайн савдо, тўловлар, пул ўтказмалари, коммунал ҳисоб-китоблар, бўлиб тўлаш ва бизнес учун масофавий молиявий хизматлар ўзаро уйғунлашиб бормоқда. Натижада аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш жараёни соддалашиб, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг тезлиги, қулайлиги ва оммабоплиги ортмоқда.

Анъанавийликдан замонавийликка

Марказий банк ушбу жараёнда фақат тартибга солувчи эмас, балки амалий инфратузилма яратувчи ва мувофиқлаштирувчи сифатида иштирок этмоқда. Сўнгги йилларда банк сектори анъанавий молиявий институт моделидан босқичма-босқич рақамли платформа ва экотизим моделига ўтмоқда. Бу эса молиявий хизматларнинг фақат банк биноси доирасида эмас, балки фуқароларнинг кундалик турмушига чуқур интеграция­лашаётганини англатади.

Айни пайтда кўчмас мулк ва автомобиль олди-сотдиси бўйича амалий операцион модель — эскроу ҳисобварағи тизими ҳам изчил йўлга қўйилмоқда. Эскроу ҳисобварағи тизими кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари олди-сотдисида тўловларнинг хавфсиз ва шаффоф амалга оширилишини таъминлайдиган муҳим механизмдир. Ушбу тартибга кўра, харидор банкка мурожаат қилиб, эскроу ҳисобварағини очади ва маблағни нақд ёки нақдсиз шаклда ушбу ҳисобвараққа киритади. Нотариус битимни тасдиқлагандан сўнг банк маблағни сотувчига ўтказади. Агар битим тузилмаса ёки бекор қилинса, пул харидорга қайтарилади.

Бу тизим томонлар манфаатини ҳимоя қилади, ҳисоб-китобларда ишончни оширади ва битимларнинг ҳуқуқий аниқлигини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, хизмат ҳақи фуқаролар учун чекланган миқдорда белгиланган. Кўчмас мулк учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан (амалда 206 минг сўм), автотранспорт воситалари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизидан (амалда 103 минг сўм) ошмайди. Битим бекор қилинганда эса маблағни қайтариш учун комиссия ундирилмайди.

Амалиётда ушбу тизимни қулай жорий этиш мақсадида 1130 га яқин нотариус банк тизимига бириктирилди. Банк ходимларини ўқитиш, автомобиль бозорлари яқинида банк хизматларини кенгайтириш ҳамда дам олиш кунлари ҳам хизмат кўрсатиш бўйича чоралар кўрилди.

Ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти нафақат техник ва ҳуқуқий тайёргарликка, балки аҳолининг хабардорлиги ва янги тизимдан фойдаланиш даражасига ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис, Марказий банк тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудий тузилмалар ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда кенг кўламли тушунтириш ва тарғиботлар ўтказмоқда. Жойларда аҳоли, тадбиркорлар, маҳалла вакиллари, ижтимоий соҳа ходимлари ва бошқа мақсадли аудиториялар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Саволларга жавоб берилмоқда, янги тартиб моҳияти содда, равон тушунтирилмоқда.

 

Юнус БЎРОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири