Бинобарин, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар юзасидан соҳани коррупциядан холи қилиш, давлат хизматларини фуқаролар учун қулай ҳолатга келтириш ва замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишига айланган.
Сўнгги йилларда бу йўналишда эришилган натижалар, хусусан, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида жойланган қатор йирик рақамли платформалар, сунъий интеллект асосидаги ечимлар ва ягона электрон экотизимнинг шакллантирилиши соҳанинг бугунги қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди.
Ўтган йили 30 декабрда Президентимиз Янги Тошкент ҳудудида жойлашган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг янги биносига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида вазирлик таркибидаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази фаолияти ва “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими асосида ишга туширилган платформалар билан ҳам яқиндан танишди. Марказ томонидан тизимнинг ҳозирги имкониятлари, соҳага қўшган иқтисодий ва бошқарув самараси ҳамда келгуси режалар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.
Президентимиз соҳани рақамлаштириш бўйича қилинган ишларни ижобий баҳолаб, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, давлат хизматларини бир ойнада кўрсатиш ва қурилишнинг ҳар бир босқичида шаффофликни таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берганди.
Давлатимиз раҳбари марказ ходимлари билан сунъий интеллект технологиялари ва уларнинг қурилиш соҳасидаги келажаги ҳақида самимий суҳбатлашганди. Мулоқот чоғида мен ҳам Президентимизга ўзбек тилида ишловчи, маҳаллий меъёр-стандартлар ва соҳавий билимлар асосида ўқитилган миллий сунъий интеллект ёрдамчисини яратиш бўйича таклифларимни тақдим этдим.
Ушбу ёндашув моҳияти шундан иборатки, қурилиш соҳасига оид мураккаб ҳуқуқий ҳужжатлар, техник меъёрлар ва давлат хизматлари бўйича фуқароларга тўғридан тўғри ўзбек тилида жавоб берадиган ёрдамчи тизим яратиш ҳаётий заруратга айланган. Бу нафақат технологик ютуқ, балки миллий рақамли суверенитет ва давлат тилининг рақамли муҳитдаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлидир.
Давлатимиз раҳбари бу ғояни ижобий қабул қилиб, сунъий интеллект мамлакатимиз учун нафақат самарадорликни ошириш воситаси, балки янги Ўзбекистон ташаббусининг марказий устунларидан бири, ривожланган давлатлар қаторига қўшилишимизнинг муҳим шарти эканини таъкидлади. Айнан шу ёндашувга кўра, миллий ечимлар, маълумотлар ва миллий инфратузилма асосида ишлайдиган сунъий интеллект экотизимини йўлга қўйиш устувор вазифамизга айланган.
Ўша суҳбатдан бошланган ташаббуслар бугун аниқ амалий натижаларга айланмоқда. Марказ томонидан shaffofai.uz платформаси ишга туширилди. Бу қурилиш соҳасида сунъий интеллект ечимлари учун ягона миллий хаб вазифасини бажараётган экотизим. Платформа доирасида жорий этилган “Шаффоф эксперт” ёрдамчи боти қурилиш соҳаси ходимлари, лойиҳачилар ва фуқароларга меъёрий ҳужжатлар, давлат хизматлари ҳамда соҳа амалиётига оид саволлар бўйича ўзбек тилида тезкор ва аниқ жавоблар бермоқда. Бот маҳаллий инфратузилмада жойлаштирилган, соҳавий маълумотлар базасига асосланган ва кун сайин янги савол-жавоблар билан билим кўламини кенгайтириб бормоқда. Бу Ўзбекистонда давлат соҳасига айнан ўзбек тили ва миллий контексти учун яратилган сунъий интеллект ёрдамчисининг илк амалий намунаси сифатида катта аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасида сунъий интеллект илк бор 2025 йилда шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш жараёнида қўлланди. Ушбу модул 103 мингдан ортиқ лойиҳа ҳужжати асосида ўқитилган бўлиб, бугун 93 фоиз аниқликда хулоса шакллантирмоқда. Бу қоғозбозликни қисқартириш, экспертиза муддатларини тезлаштириш ва инсон омили иштирокини минималлаштиришда муҳим ютуқдир.
Яна бир устувор лойиҳа бино ва иншоотлар ташқи кўринишини ўзгартириш жараёнига Computer Vision (компьютер кўриши) технологиясини жорий этиш. Ҳозир фасад ўзгартириш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддати чўзилмоқда ва экспертларнинг субъектив баҳолашига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Янги тизим фотосурат ва лойиҳа материалларини сунъий интеллект орқали автоматик таҳлил қилиб, давлат ахборот тизимлари ҳамда географик ахборот маълумотлари билан ўзаро боғлаб, меъёрларга мувофиқликни баҳолайди. Натижада кўриб чиқиш муддати кескин қисқаради, субъективлик ва коррупция хавфи йўқолади, шаҳар архитектура яхлитлиги эса автоматик мониторинг орқали ҳимояланади.
Мазкур лойиҳалар замирида битта асосий мақсад ётади: қурилиш соҳасини янада шаффоф қилиш ва коррупциянинг олдини олиш. Инсон омили иштироки камайтирилган, жараёнлар автоматлаштирилган ва ҳар бир қарор рақамли изга солинган тизимда коррупцияга ўрин қолмайди. Зотан, сунъий интеллект шунчаки янги технология эмас, балки ҳалол ва адолатли бошқарувни таъминловчи восита, фуқаро ва давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамловчи механизмдир.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази
ходимлари олдида ҳали катта вазифалар турибди. Бугунгача эришилган натижалар 24
та ишлаётган платформа, триллионлаб сўм тежаш, онлайн хизматлар ва сунъий
интеллект асосидаги янги флагман лойиҳалар бу йўл тўғри танланганидан, ишонч
билан амалга оширилаётганидан далолат беради.
Янги Ўзбекистоннинг рақамли қурилиш даври энди
бошланмоқда ва бу давр шаффофлик, ҳалоллик ҳамда инновация тамойилларига
асосланган давр бўлади.
Дилмурод РАҲМАТОВ,
Ахборот-коммуникация технологияларини
ривожлантириш
республика маркази бўлим бошлиғи