Ўтказилган ўрганиш давомида вилоятда фаолият юритувчи 2 та корхона “AGRO BRAVO” МЧЖ ва “SAM KOMILJON FAYZ” МЧЖлар томонидан ишлаб чиқарилаётган музқаймоқ маҳсулотларида Mars, Incorporated компаниясига тегишли бўлган ва аввал фуқаролик муомаласига киритилган “MARS”, “SNICKERS”, “DOVE” товар белгиларидан ва унга ўхшаш белгилардан ва номлардан фойдалангани, бунинг оқибатида инсофсиз рақобатга йўл қўйилгани аниқланди.
Мазкур ҳолатлар бўйича “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 21-моддаси (хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга ошириш) талаблари бузилгани тасдиқланди.
Ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган корхоналарга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан тегишли тартибда ишлар қўзғатилди. “AGRO BRAVO” МЧЖ ва “SAM KOMILJON FAYZ” МЧЖларга нисбатан молиявий жарима қўлланилди.
Шунингдек, қонун бузилиш ҳолатини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган тегишли кўрсатмалар берилди.