Кеча Финландия пойтахти Ҳелсинки шаҳрида УЕФА Суперкубоги учун  бўлиб ўтган баҳсда ЕЧЛ ғолиби “Реал” ва Европа лигаси ғолиби “Айтрахт” учрашди.

Қизғин курашлар остида кечган матчда Давид Алаба ва Карим Бенземанинг голлари эвазига  испан клуби 2:0 ҳисобида ғолиб чиқиб, ўз тарихида  бешинчи бор бу нифузли кубокни қўлга критди ва бу борада “Барселона” ва “Милан”га етиб олди.

 Ушбу ғалабадан сўнг Анчелотти Гвардиолани ортда қолдириб, УЕФА Суперкубогини тўрт бор ютган биринчи мураббийга айланди. У ўйиндан сўнг Marca нашри мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

 “Ўйин осон кечмади, рақиб жуда қаттиқ ўйнади. Биз гол урдик ва кейин вазиятни яхши назорат қилдик. Мавсум бошида жамоа ҳамиша ҳам яхши формада бўлмайди. Лекин мавсумни ижобий бошлаш учун ғалаба қозондик.

Ўйлайманки, яхши атмосфера бизга ижобий натижаларга эришишга ёрдам беради. Муҳит ажойиб, ғалабалар эса мотивация беради. 

Бу ерда эканлигимиз учун Бенземадан миннатдор бўлишимиз керак. Келинг, унга “Олтин тўп”ни берайлик. Унинг ғалабасига кимдир шубҳаланаётганига ишонмайман”.