Йиғилишда таъкидланганидек, «Реклама тўғрисида»ги Қонунни қабул қилишга зарурат шундаки, амалдаги Қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд бўлиб, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган.
Жумладан, реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўляпти.
Шунингдек, реклама объектининг хавфсиз бўлишига оид талаблар мавжуд эмас, жумладан, дори воситалари, биологик актив ва озиқ-овқат қўшимчалари, болаларга мўлжаллаган озиқ-овқатлар, алкоголли ва энергетик ичимликлар рекламасига нисбатан чекловлар назарда тутилмаган.
Сабаби амалдаги «Реклама тўғрисида»ги Қонун бундан 23 йил аввал 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, (30 та моддадан иборат) бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Янги таҳрирдаги Қонун билан нормаларни қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, янги тушунчалар киритиляпти.
Масалан, «реклама объекти», «номақбул реклама», «ахлоқсиз реклама», «яширин реклама», «ҳомийлик» каби янги тушунчалар билан тўлдириляпти.
Шунингдек, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштириляпти.
Жумладан, телеканалларда давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланади:
- таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши;
- олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш тақиқланади.
Қонуннинг яна бир муҳим аҳамиятли томони шундаки, вояга етмаганларни уларнинг ишончи ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишдан ҳимоя қилиш тартиби алоҳида келтирилган.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Қонунда баён этилган айрим моддалар ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ жараёнларга ҳам ўз эътиборини қаратди. Хусусан, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар батафсил кўриб чиқилди.
Йиғилишда мазкур Қонун айни пайтда Сенат қўмиталарида ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокамалардан ўтаётгани, барча таклиф ва тавсиялар инобатга олиниши ва тегишли хулоса қабул қилиниши назарда тутилгани таъкидлаб ўтилди.
Қонун муҳокамаси давом этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.