Учрашувда институт проректорлари, масъул бўлим вакиллари, факультет декани, профессор-ўқитувчилар ҳамда факультетнинг битирувчи талабалари қатнашди. Шунингдек, тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи шуъба раҳбари иштирок этиб, ёшларнинг бандлиги ва касбий мослашуви билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр билдирди.

Мулоқот жараёнида тил ва таржима йўналиши битирувчиларининг касбий салоҳияти, хорижий тилларни амалий даражада эгаллаш даражаси, таржимонлик ва таълим соҳаларида фаолият бошлаш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар муҳокама қилинди. Битирувчиларнинг ўз мутахассислиги доирасида доимий ривожланиши, амалий тажриба ва сертификатларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Ректор Ривожиддин Каримов ўз нутқида битирувчи ёшлар олдидаги масъулият масаласига тўхталиб, шундай деди:

«Бугунги битирувчи эртанги меҳнат бозорига тайёр мутахассис бўлиши керак. Билим, амалий кўникма ва чет тилларини пухта билиш сизнинг асосий устунлигингиздир.»

Шунингдек, учрашувда вилоятда ташкил этилиши режалаштирилаётган Карьера маркази фаолияти ҳақида маълумот берилиб, ушбу марказ орқали бошқа йўналишлар билан бир қаторда чет тиллари бўйича ҳам тайёрлов курслари йўлга қўйилиши, малакали тил мутахассисларини иш билан таъминлашга қаратилган механизмлар ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.

Учрашув давомида талабалар томонидан билдирилган саволлар юзасидан очиқ суҳбат олиб борилди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтди.