Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан жами 20 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 35 фоизи сотиб олинган маҳсулот ёки кўрсатилган хизматлар сифати билан боғлиқдир.

Агентлик томонидан чакана савдо объектларида сотиладиган товарларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларига мослиги юзасидан жорий йилда жами 153 номдаги маҳсулотларнинг назорат хариди амалга оширилди. Шундан, 27 номдаги маҳсулот амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига мос эмаслиги аниқланган.

Хусусан, 12 та ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 ҳолатда ноозиқ-овқат маҳсулотлари (булар, тамаки, арматура, Лед лампа, гугурт, кабель маҳсулотлари) тегишли лаборатория таҳлиллари натижалари асосида номувофиқ деб топилди.

Аниқланган маҳсулотлар бўйича ваколатли орган томонидан камчиликлар бартараф этилди. Бундан ташқари, республика ҳудудларида чакана савдо билан фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилаётган тарозиларнинг метрология текширувидан ўтказилганлиги ўрганилди.

Олиб борилган таҳлилларга кўра, истеъмолчиларга бевосита чакана савдо объектларида жами 137 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг 97 фоизида фойдаланилаётган тарозилар метрология теширувидан ўтказилмаганлиги аниқланган.