Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, бу борада спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллионлар ўйини бўлган ва мамлакатимизда ҳам севиб ўйналадиган футболга аҳоли, айниқса, ёшларни кенг жалб этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Мамлакатимизда юксак иқтидорга эга ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва футбол инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, футболга ихтисослашган спорт мактабларининг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қолаверса ўтказилаётган спорт мусобақалари савиясини яхшилаш бугунги кунда долзарб вазифага айланган.

Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганки, бу ҳужжатлар соҳа ривожида янги даврни бошлаб беради.

Кеча Республика олимпия захиралари коллежида болалар-ўсмирлар футболини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган мазкур коллеж ҳамда “Одил Жуниор” футбол академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими ҳамда ушбу академияга хориждан жалб қилинган футбол мутахассисини таништирув маросими ташкил этилди.

Унда доимий равишда ўзбек футболига Михаил Ан, Равшан Эрматов, Игнатий Нестеров, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов каби маҳоратли футболчиларни тарбиялаб бераётган ушбу спорт масканида “Одил Жуниор” футбол академиясининг ёш футболчилари иштирок этишди. Уларга шу ерда хориждан келган футбол мутахассиси таништирилди. Тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти, “Одил Жуниор” футбол мактаби асосчиси Одил Аҳмедов ҳам иштирок этди.

– Ушбу қилинаётган ишларимиз замирида футболимиз эртаси учун янги юлдузлар етиштириб бериш, барча ўсиб келаётган, иқтидорли ва салоҳиятли ёшларни бирлаштириш, уларни битта мақсад сари, яъни ўзбек футболи шаънини юқориларга кўтариш йўлида бирлаштириш ётибди, – деди О.Аҳмедов.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Республика олимпия захиралари коллежи ҳамда “Одил Жуниор” футбол академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандум мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболини оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилади.