Унда Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар ҳамда Республика миқёсида аҳоли ва туристларга қўшимча хизматлар кўрсатиш борасидаги фаолиятини намунавий тарзда йўлга қўйган автомобилларга ёқилғи ва газ қуйиш станция вакиллари қатнашди.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, инфратузилма объектларининг санитар-гигиеник ҳолатини яхшилаш бўйича ҳар бир ҳудудда мониторинг олиб борган мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тақдирлаш маросимида 2017-2021 йиллар мобайнида республика бўйича 6,2 мингдан ортиқ санитария-гигиена шохобчалари ҳозирги замон талаблари асосида янгидан қурилиб, қайта таъмирланганлиги ҳамда жойлардаги умумий ҳолат бир мунча яхшиланганлигини алоҳида қайд этилди.
«Республикамизнинг деярли барча ҳудудларида Ҳукумат қарорларига асосан тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга намуна сифатида кўрсатиш учун 2-3 тадан, жами 30 га яқин намунавий санитария-гигиена шохобчалари барпо этилиб, давлат ижтимоий шериклик шартлари асосида фойдаланишга топширилди. Туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар натижасида йўлбўйи ҳамда туристик инфратузилмалардаги ҳолат кўрсаткичи ўтган даврга нисбатан (2019 йил ҳолатига қамров 20%ни ташкил этган) 4-5 баробар (ҳозирги вақтда 90 %) га ошди. Жумладан, автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларида (АГТКС) 96 %, автомобилларга газ қуйиш (АГҚС) ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларида (АЁҚШ) 85 фоиздан юқори бўлишига эришилди.
Тадбиркорлик субъектлари учун мазкур станциялар ҳудудида замонавий санитария-гигиена шохобчалари қаторида асосий фаолият туридан ташқари аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш масканлари барпо этиш, wi-fi зоналари ташкил этиш орқали фойдаланувчилар оқимини кенгайтириш имкониятлари ҳам яратилган. Бироқ, республика бўйича 600 дан ортиқ ёқилғи қуйиш станцияси, хусусан, янги қурилганларининг аксарияти талабга ҳали ҳам жавоб бермаслиги айни ҳақиқат», — дея таъкидлади туризм ва спорт вазири.
Жумладан, Республика ишчи гуруҳи томонидан мазкур йўналишда ҳар бир ҳудуддаги 450 га яқин АГТКС, АГҚС ва АЁҚШлар кўздан кечирилди. Уларнинг 186 тасида камчиликлар аниқланган бўлса, 146 тасида тегишли Ҳукумат қарорларида белгиланган талаблар бажарилмаганлиги сабабли камчиликлар бартараф этилгунга қадар фаолиятини қисқа муддатга тўхтатиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, аҳоли ва туристларга қўшимча хизматлар кўрсатиш борасидаги фаолиятини намунавий тарзда йўлга қўйган қуйидаги АГТКС, АГҚС ва АЁҚШлар ғолиб деб топилди:
- «Sof Xizmat KoʼRsatish Kompleksi» МЧЖ – жаҳон стандартлари асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйган «Энг яхши АГТКС» (Қашқадарё вилояти);
- «Yangi Metan Gaz» МЧЖ – қарор талаблари ижросига сидқидилдан ёндашган «Энг яхши АГТКС» (Сирдарё вилояти);
- «Ibr Petrolium Station» МЧЖ – Ўзбекистон Республикаси бўйича хизматлар тури ва сифатини янада ривожлантираётган «Энг яхши АЁҚШ» (Тошкент шаҳри).
Ғолиблар Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан тақдирланди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.