Тараққий этган давлатлар эришган ривожланишнинг сир-синоати бевосита ўша мамлакатларнинг йиллар давомида таълимга киритган миллиардлаб сармояси ва катта эътибори билан боғлиқ. Буни аксарият иқтисодий равнақ топган давлатларнинг мактабгача таълимидан олий таълимигача юқори рейтингларда туришида ҳам кўриш мумкин. Бугун жаҳон бозорига таклиф қилинаётган юқори технологияли маҳсулотлар ҳажмида ҳам ушбу давлатларнинг улуши юқори ва бунда илғор илмий-инновацион лойиҳалар, салоҳиятли олимларнинг хизмати катта.
Мамлакатимизда ҳам иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, илмий-интеллектуал, молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланиш, истиқболда илм-фанни мунтазам ислоҳ қилиб бориш муҳим йўналишлардан бири этиб белгиланди. Замонавий билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малака ли кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.
Жумладан, олий таълим тизимида қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар мавсумий меҳнат ва жамоат ишларидан бутунлай озод этилди. Соҳа ходимларининг иш ҳақи бир неча марта оширилди, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари кучайтирилди. Бу, ўз навбатида, таълим сифати ва натижадорлигига ижобий таъсир кўрсата бошлади. Энг муҳим омил — битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 35 фоизгача оширилди.
Айниқса, хотин-қизларнинг таълимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бакалавриат йўналишида шартнома асосида таҳсил олаётган талаба қизларга 7 йиллик имтиёзли кредитлар жорий қилингани катта енгиллик бўлди. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб магистратура йўналишида таҳсил олаётган талаба аёл-қизларнинг 100 фоиз шартнома пули давлат томонидан тўлаб берилмоқда.
Бу ўзгаришлар олий таълим соҳасига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганидан далолат. Соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришлар мамлакатимизнинг энг чекка ҳудуди Сурхондарё вилоятида ҳам жадал давом этмоқда. Бир пайтлар ҳудудда битта олий ўқув юрти бўлар, бошқа ўқув юртларини ташкил этиш масаласи кадрлар муаммоси ва моддий-техник база етишмаслиги важидан ортга суриб келинарди. Ваҳоланки, вилоят ёшлари орасида ўқишга талаб юқори, абитуриентларнинг ўқишга ҳужжат топшириш кўрсаткичи бўйича мамлакатда доим биринчи ўринда эди.
Вилоятда муҳим соҳаларда кадрлар танқислиги доим юқори бўлган. Айниқса, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар танқислиги яққол сезиларди. Охирги беш йилда яна олтита олий ўқув юрти ташкил этилди. Илгари вилоятдаги ягона олий ўқув юртида 5-7 минг атрофида талаба ўқиган бўлса, ҳозир уларнинг сони 40 мингдан ошди.
Эътиборлиси, бугунги кунда янги ташкил этилган олий ўқув юртларида таълим жараёни замон талаблари даражасида, кредит-модуль тизими асосида ташкил этилмоқда. Тажрибали устозлар кўмагида ёш мутахассислар илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Соҳага илмий-инновацион лойиҳалар, ишланмалар кенг татбиқ этилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг ўтган йили 28 октябрдаги қарори асосида ташкил этилган Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида бугун 3500 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Муассасада ўқитувчилар ва талабалар учун барча шароит яратилган. Жумладан, 420 ўринли замонавий талабалар ётоқхонаси мавжуд. Узоқ жойлардан келган барча талабалар ҳамда ногиронлиги бўлган 30 га яқин йигит-қиз турар жойга жойлаштирилди. Талабаларнинг малакали ва сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратилган. Машғулотлар таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан доимий мониторинг қилиб борилади. Хусусан, талабалардан олинган сўровномалар асосида педагог-ходимнинг фаолияти таҳлил қилинади.
Ҳар бир ўқув машғулот хонаси овозли видеокузатув камералари билан жиҳозланган. Бу ҳам машғулотнинг шаффоф ҳамда сифатли бўлишини таъминлайди. Институтда таълим жараёнини бошқариш HEMIS ОТМ ахборот тизими асосида узлуксиз 24/7 режимида ташкил этилиб, барча профессор-ўқитувчилар тизимга киритилган. Профессор-ўқитувчиларга тизимни амалиётда қўллаш бўйича тушунчалар берилиб, тизим бўйича тушунмовчиликлар кузатилганда доимий равишда дастурий-техник ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Энди ташкил этилганига қарамай, институт хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳам фаол алоқалар ўрнатиб улгурди. Хусусан, Германия, Туркия, Россия, Хорватия, Малайзия ҳамда Беларусь давлатларининг ОТМлари билан ҳамкорлик шартномалари доирасида профессор-ўқитувчилар алмашинуви йўлга қўйилган. Шу кунларда институтнинг бир гуруҳ иқтидорли талабалари Германияда Praktikum 4 people, JD EAST, LOGO, World internship, PRAX дастурлари асосида ўқув-амалиёт курсини ўтамоқда.