Россия тўғридан-тўғри инвестиция фонди раҳбари Кирилл Дмитриев «Россия 24» эфирида «Авифавир»ни 15 мамлакатга етказиб берилганлигини айтди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда дунёда ишлаб чиқарувчи мамлакатлар томонидан чет элга етказиб бериладиган иккита дори мавжуд. Гап Американинг «Ремдесивир» ва Россиянинг «Авифавир» дориси ҳақида кетмоқда. Дмитриевнинг сўзларига кўра, Ремдесивирнинг 90 фоизини АҚШнинг ўзи сотиб олган.

«Бизнинг дори-дармонларимизни 15 мамлакат сотиб олиши биз учун ажабланарли эмас», деди Дмитриев.

Бугунги кунда РТИФ ва «ХимРар» компаниялар гуруҳи ҳамкорлигидаги қўшма корхона бўлган Россиянинг «Кромис» компанияси «Авифавир»ни Лотин Америкаси ва Жанубий Африкадаги еттита мамлакатга етказиб беришга келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 30 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россияда коронавирус инфекциясига қарши биринчи дори — «Авифавир»ни тасдиқлади. РТИФ ва «ХимРар» томонидан яратилган дори «Фавипиравир» ишчи номи остида дори воситаларининг давлат реестрига киритилган. 11 июнь куни у Россия касалхоналарига киришни бошлади. Июль ойи бошида «Авифавир»ни экспорт қилиш бошланди.