Россия-Ўзбекистон таълим форуми икки мамлакат ўртасида таълимнинг барча босқичидаги масалалар муҳокамаси учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди. Бу йилги иккинчи форумда илмий соҳада ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилиши кўзда тутилган.
Тадбирда икки томондан олий, умумий ўрта ва мактабгача таълим ҳамда илм-фан соҳалари учун масъул вазирлик ва ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Россия томонидан тадбирнинг асосий ташкилотчилари — Илм-фан ва олий таълим вазирлиги, М. В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети (МДУ). Ўзбекистон томонидан эса форумга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошчилик қилмоқда.
Шунингдек, форумда иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси таркиби мамлакатдаги давлат олий таълим муассасалари ва филиаллар ректорларидан иборат.
Тадбирнинг биринчи кунида ялпи мажлис ўтказилиб, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш, шўъбалардаги чиқишлар ва таълим, илм-фан, кадрлар тайёрлаш ҳамда рус тилини ўқитиш масалалари бўйича муҳокамалар олиб борилади.
Форумнинг иккинчи кунида эса Ўзбекистон ОТМ ректорлари учун интерактив семинар ташкил этилиб, улар Москвадаги ОТМга ташриф буюради.
Aйни дақиқаларда форумнинг очилиш маросимига тайёргалик ишлари кетмоқда.
Форум тафсилотлари хусусида хабарлар бериб борилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати.