Приморск савдо-саноат палатасида ўзбекистонлик ва россиялик ишбилармон доиралар учрашуви бўлиб ўтди ҳамда унинг асносида музокаралар ўтказилди.

Учрашувга Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Дониёр Мадиримов ва «Приморск Савдо-Саноат Палатаси» уюшмаси Президенти Борис Спутниский бошчилик қилишди.

Приморск ўлкаси губернатори билан ўтказилган музокаралар давомида Сирдарё вилоятида етиштириладиган қиймати 5 миллион доллар бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Владивосток шаҳрига экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланди. Эътиборлиси, шаҳарда Сирдарё вилоятининг савдо уйи ташкил этиладиган бўлди.

Шунингдек, учрашувлар чоғида делегация аъзолари Приморск ўлкасига саноатнинг 4 та тармоғи, аниқроғи, қишлоқ хўжалиги, текстиль, фармацевтика маҳсулотлари ва қурилиш моллари бўйича экспортни йўлга қўйиш ҳамда Сирдарёда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек сирдарёликлар делегацияси аъзолари Якутск шаҳрида фаолият юритувчи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва савдо масканларига тарқатиш маркази «ИП Каримжанов» билан танишди.

Ушбу марказ замонавий технологиялар билан жиҳозланганлиги ҳамда хизматлар талаб даражасида йўлга қўйилганлиги мижозлар кўплигининг асосий сабабларидан ҳисобланади.

Учрашув доирасида Сирдарё вилоятида етиштирилаётган қарийб 5 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Саха Республикасининг Тадбиркорлик, савдо ва туризм вазири, Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари билан учрашиб, унда Сирдарё вилоятининг инвестицион салоҳияти, юртимизда хорижий инвесторлар, экспортёрларга яратилган шарт-шароитлар, берилаётган имтиёзлар ҳамда имкониятлар бўйича тақдимот ўтказилди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Олиб борилган музокаралар натижасида чорвачилик, балиқни қайта ишлаш, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт каби кўплаб йўналишлар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.