«Дунё» ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистон Бош консулхонасига Ростов вилояти Батайск шаҳрида яшовчи ҳамюртимиз Б.Ю. уйида ёнғин чиқиши оқибатида вояга етмаган набираси Х.А. ҳалок бўлгани ва уни ватанга қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Аниқланишича, мурожаат қилган ҳамюртимиз Ростов вилоятидаги қурилиш объектларида ишлаб келган. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида набирасининг барча ҳужжатлари ёниб кетган. Оқибатда набирасининг ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда жасадни юртимизга қайтаришда Россия томони билан муаммо пайдо бўлган.

Бош консулхона мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан Россиянинг ваколатли тиббиёт бирлашмалари билан музокара олиб бориб, вояга етмаган ватандошимизнинг жасадини ватанга тезкорлик билан қайтариш чорасин кўрди.

Мурожаатчи номига Бош консулхона томонидан ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилиб, Миграция агентлиги жамғармаси ҳисобидан жасад «Uzbekistan Airways» компаниясининг Краснодар­­-Тошкент йўналиши орқали ватанга қайтарилди.