Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълум қилди.

Манбага кўра, оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева бошчилигидаги турли масъул ташкилотлар вакилларидан иборат делегация Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтган.

“Ташриф жараёнида қатор фирма ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 300 дан ортиқ хотин-қизларнинг меҳнат шароитлари ўрганилди ва улар билан яқиндан суҳбатлашилди.
Оғир вазиятга тушиб қолган 10 дан ортиқ хотин-қизларнинг мамлакатимизга қайтишига кўмаклашиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди”, дейилади қўмита ахборотида.

Россия Федерациясининг “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари”да сақланаётган, ота-онаси томонидан қаровсиз ёки назоратсиз қолдириб кетилган 7 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилган. Улар тегишли марказга жойлаштирилган. Болалар кейинроқ ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади.