Ҳолат юзасидан тезкор суриштирув олиб борилди. Маълум бўлишича, маҳсулот 7 декабрь санасида Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган FoodCity агромажмуасида юкланган.
Помидорни экспорт қилиш учун қонунчиликдаги талабларга асосан маҳсулот партиясидан намуналар олиниб, Марказий фитосанитария лабораториясига юборилган.
Ўтказилган экспертиза натижасида маҳсулотда карантин организмлари аниқланмагани сабабли ички фитосанитар сертификат ва лаборатория хулосаси асосида экспорт қилиш ҳуқуқини берувчи халқаро намунадаги фитосанитар сертификат расмийлаштириб берилган.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида помидорни экспорт қилган корхона вакиллари билан мулоқот олиб борилди. Корхона вакиллари Нижний Новгород вилоятига 18,5 тонна помидор юк машинаси орқали муваффақиятли етказгани ва импортёр корхона билан тузилган шартномага мувофиқ маҳсулотлар қабул қилиб олинганлигини маълум қилди.
Маълумот ўрнида қайд этиб ўтамиз, маҳсулотда аниқлангани айтилаётган «помидор жигарранг бужмайиш вируси» (Tomato brown rugose fruit virus – ToBRFV) инсон организми учун хавфсиз бўлиб, зарарланган помидорни истеъмол қилганда ҳам инсон организмига салбий таъсир қилмайди.