Қозон федерал университети Ўзбекистондаги 6 та олий таълим муассасаси билан мустаҳкам алоқалар ўрнатган. Улар сафида Наманган муҳандислик-қурилиш институти ҳам бор.

Меҳмонларни институт ректори Шарифбой Эргашев қабул қилди. Музокаралар давомида 2020 - 2021 ўқув йили қабул квоталари бўйича қўшимча шартномалар имзолаш, институт профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, талабаларга онлайн маъруза ва амалий машғулотлар олиб боришни ташкил этиш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.

Набережние Челни институти директори, техника фанлари доктори, профессор Маҳмуд Ғаниев институт талабалари учун маъруза ўқиб берди. Маъруза якунида талабалар билан қизғин савол-жавоблар ҳам бўлиб ўтди.

Институт Қозон Федерал университети билан икки томонлама шартномалар имзолаган бўлиб, 2018/2019 ўқув йилида 3 та таълим йўналиши бўйича 55 нафар, 2019/2020 ўқув йилида 4 та таълим йўналиши бўйича 74 нафар, 2020/2021 ўқув йили учун эса 6 та таълим йўналиши бўйича қўшма таълим дастури доирасида 64 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

Сафар якунида ҳамкор ОТМ раҳбарлари томонидан 2020 - 2021 ўқув йилида танлов асосида қабул қилинган 1-курс талабаларига талабалик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди, деб хабар беради Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Наманган муҳандислик-қурилиш институти маълумотига таяниб.