Айни пайтда мамлакатимиз бозорларида қорамол гўшти ўртача 70–80 минг сўмгача сотилмоқда. Илгари қўй гўшти мол гўштига қараганда қимматроқ бўларди. Ҳозир эса қорамол гўшти нархининг кескин ошиб бориши бу нисбатни йўққа чиқарди. Бу борадаги эътирозлар ҳам ўринли. Аслини олганда бу ҳолатга ҳар йили дуч келамиз.

 Нарх-наво 3 йил олдин қандай эди, ҳозир-чи?

Давлатларнинг ижтимоий ҳаётида жамоатчилик фикри муҳим ўрин тутади. Айни вазиятда ҳам нарх-навонинг баландлиги ем-хашак нархининг ошиб кетиши, шунингдек, қуйи қатлам вакилларининг чўнтаги эътиборга олинмаётгани билан баҳоланмоқда. Хўш, гўшт нархининг кескин кўтарилишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

Статистик маълумотларига кўра, 2018 йили мол гўшти 28 000 сўмдан 41 000 сўмгача, қўй гўшти эса 28 000 сўмдан 43 000 сўмгача сотилган экан. Бугун эса, 2-3 баробар қиммат сотилмоқда.

2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сонига нисбатан қорамол 36,8 фоизни ташкил этган. Бу эса минг нафар киши жон бошига 368 бош қорамол тўғри келади, дегани. Ўзбекистонда саноат йўли билан боқиладиган қорамолларнинг жами 5 фоизини ташкил қилади. Қолган 95 фоизи аҳоли томонидан етиштирилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, гўшт маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли хонадонлари орқали бозорга чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ем-хашак нархлари, об-ҳавонинг ноқулай келиши каби бир қатор табиий омиллар, чорва кредит фоизларининг қимматлиги туфайли бозорда нархларнинг назоратдан чиқишига сабаб бўлади. Барча иқтисодчиларнинг фикрича, нархларни назорат қилиш, умуман, барча маҳсулот турларига нисбатан ҳам мақбул ечим бўла олмайди. Нархни шароитдан келиб чиқиб бозор белгилаши керак. Яхши ва сифатли маҳсулотни харидор барибир ўша қиммат нархда сотиб олади. Бундай олди-сотдини чўнтаги кўтармайдиганлар эса сифатсиз маҳсулот олишга рози бўлади. Бундан бир-икки йил аввал худди шундай гўшт нархи қимматлашуви ва нархларга чеклов ўрнатилиши ортидан бозорга эшак гўштлари ва ўлган мол гўштлари ҳам кириб келгани ҳеч кимга сир эмас. Айтишларича, ҳозир 60–70 минг сўм чеклов билан чиқарилаётган гўшт эса асосан сўйилишга мўлжалланган, 2-3 ой биоқўшимчалар билан боқилган қорамолларники. Улар тез вазн олади, аммо гўштининг асосий қисми ёғ билан қопланган бўлади.

 Қорамол боқиш қийинлашдими?

Тошкент шаҳри бозорларида асосан Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари шахсий деҳқон хўжаликлари ҳамда фермерлари томонидан боқилган қорамоллар гўшти сотилади.

Фермерларнинг таъкидлашича, бир ёшга тўлган ориқ буқани бўрдоқига боқиш учун камида 3 ойлик меҳнат талаб этилади. Бунда ҳар куни унга ўртача 9 кг ем, яъни 3 кг шрот, 2 кг кепак, 3 кг шелуха ва 1 кг майдаланган маккажўхори ёки буғдой аралашмаси берилади. Бундан ташқари, кунига қўшимча 7-8 кг атрофида беда ёки дағал хашак бериб боқиш керак. Ҳозир қўлда бир боғ прессланган беда, сомон, шрот нархлари ҳисобга олинса, қорамол боқиш харажати қанчага тушишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас.

Республика бўйича ем маҳсулотлари етказиб берувчи корхоналар фаолияти ўрганилганда, улар ем-озуқага бўлган талабнинг бор-йўғи 12-15 фоизинигина қондириши мумкинлиги ойдинлашди. Бу ҳам фақат тегишли график асосида белгиланган истеъмолчиларга сотилади, холос. Аҳолининг қарийб 85 фоизи емни савдогарлардан сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Шаҳбоз АБДУСАТТОРОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

жамиятлари федерацияси матбуот хизмати ходими