Эрта тонгда белгиланган соатда уйқудан уйғониб, гигиеник тадбирлар ва амалларни бажариш, соғ-саломат кунни яхши кайфиятда ўтказиш учун саҳарлик нонуштага фойдали ва кун давомида тўқлик ҳиссини берувчи маҳсулотларни танлаш, кечки белгиланган овқтланиш(ифторлик)да енгил ҳазм бўладиган овқатлар, салатлар ейиш ва шарбатлар ичиб туриш, овқатланишда албатта меъёрга амал қилиш соғлом ва тетик бўлишнинг муҳим шартидир.
Кун давомида саломатлик ҳолати даражасини инобатга олиб, дам олиш ва фаолликни режалаштириш лозим.
Рўза пайтида ҳимоя тизими ҳолсизланишига йўл қўйманг!
Об-ҳавога мос кийинишга ва танани мўътадил ҳароратини сақлашга ҳаракат қилиш лозим. Акс ҳолда, ҳавода муаллақ сузиб юрган барча микроб ва вируслар касаллик қўзғатиши мумкин.
Иммунитетни кучайтириш учун танани озиқлантирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш керак бўлади.
Бир кунда 500 грдан кам бўлмаган миқдорда сабзавот ва мевалардан ейиш шарт. Мевалар “ҳаёт бахш этувчи витаминлар” деб аталади. Айниқса, А ва С витамини иммун тизими учун энг муҳим. Сабзавотларда организм учун фойдали витамин ва минераллар бўлиши билан бирга, улардаги озиқ толалар(клетчатка) ичакларни тозалайди.
Кўкатлардан фойдаланган ҳолда, сабзавотлардан ҳар-хил салатлар тайёрлаб истеъмол қилиш организм кучини оширади. Шпинат, кашнич, укроп кабиларда иммун тизими учун керакли глутамин моддаси бўлиб, у ошқозон-ичак шиллиқ қаватини мустаҳкамлайди.
Иммунитетни оширувчи оқсилга бой гўшт, тухум, балиқ ва сут маҳсулотлари ҳам таомномада бўлиши керак. Рух ва селен каби минерал моддалар иммун тизимини кучайтиради. Селен организмнинг антитаналар ишлаб чиқишини яхшилайди. У мол ва қўй жигари балиқ гўштида кўп миқдорда бор. Рух ҳужайравий иммун фаолликни оширади, натижада вирусларга қарши курашишда асосий ўрин тутади. У тухумда, гўштда кўп бўлади.
Рўзада одам доим ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади. Ишчан ва соғлом бўлиш учун фаолликни унутмаслик керак. Айрим тизимлар ва тана аъзоларининг зўриқишига йўл қўймаслик учун фаол ҳаракатларни бажаришда ҳар бир киши ўз ёшига, бажарадиган ишига, саломатлиги ҳолатига қараб танлаши лозим. Бундан ташқари, организмнинг ўзига хос хусусиятларини, кучини, имкониятларини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.
Руҳий хотиржамлик ҳам иммун тизимига ижобий таъсир этади. Кундузлари рўзадорлик ва кечалари тоат-ибодатлар билан ўтадиган бу муборак ойнинг фазли, меҳр мурувват ва яхшилик қилиш ойи экани билан ҳам инсонга кўтаринки руҳ беради. Рамазон руҳиятнинг шифокори ҳамдир. Қолаверса, руҳий хотиржамлик вақтида инсон тафаккури тиниқлашади, онг покланади.
Агар инсон етарли даражада ухламаса, бу ҳам иммунитетни пасайтиради. Шу боис, меъёрий уйқу жуда муҳим. Кам уйқу тана ҳужайраларини тикланиши ва иммун тизимига салбий таъсир этади. Умуман физиологик уйқу 7-8 соатни ташкил қилади. Инсон организми кўп микробларга дуч келади, уйқу пайтида “Т ва В лимфоцитлар” каби антитаналарни ишлаб чиқарадиган ва иммун ҳужайралар сони ортади ва улар томонидан касаллик чақирувчи микроорганизмлар йўқ қилинади.
Рўза инсон танаси ва руҳияти тарбияси учун муҳим “дастур” ҳисобланади, натижада ҳаёт тарзимизни ижобий томонга тўғрилаб оламиз.