Бу ибратли жараённи ўз ҳаётимда бошимдан ўтказганман. Эсимни танигандан буён, китобга астойдил меҳр қўйганимдан сўнг англаб етдимки, китоб ўқиш энг севимли ва мароқли машғулот  экан. Лекин танлаб ўқишни билмасдим. Буни менга ҳеч ким айтмаган ва ўргатмаган эди.

Ўшанда 8-синфда ўқирдим. Бобом берган пуллардан иқтисод қилиб, Карманадаги китоб дўконига келган янги китоблардан сотиб олардим. Бир гал китоб дўконига борсам шоир Абдулла Ориповнинг “Руҳим” (Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1971 й.) деб номланган шеърлар китоби келган экан.

Дарҳол сотиб олдим. Китобни сабрим чидамай автобусда ўқий бошладим. Китоб дастлабки сатрлари билан мени сеҳрлади. Биринчи шеър “Одамлар” деб номлангани ҳамон ёдимда. Ўша куни ухламасдан китобдаги шеърларни қайта-қайта ўқиб чиқдим.

Бу китобга қизиқишим ва мутолаа фаолиятимда ҳақиқий инқилоб ясади. Ўша кунгача ўқиган китобларим бир томон, “Руҳим” китоби бир томон эди. Китобдаги шеърлар мен ўқиган бошқа шеърларга мутлақо ўхшамасди.

“Руҳим” – руҳимда беқиёс бўронлар ясади, ёш ақлимни шоширди.

“Руҳим” – адабиётнинг сирли, сеҳрли эшикларини очди.

“Руҳим” – шеъриятнинг жозибадор ва бетакрор тафаккур оламини англашга ўргатди.

“Руҳим” туфайли адабиётнинг ва шоирнинг ашаддий мухлисига айландим. Китоб юрагимга чўғ солди...

Бу сўнмас шеър чўғи ҳамон қалбимда алангаланиб келади...

“Руҳим” ҳақиқий маънавий ҳамроҳим, чинакам сирдошим, чин дўстимга айланди. Шу боис бу китобни доим ёнимда олиб юрардим.

Китобдаги шеърларни ёд олиб, турли тадбирлар, йиғинлар ва дўстлар даврасида айтиб берардим. Гарчи китоб қўлма-қўл ўқилган, ундаги шеърларни кўпчилик синфдошларим дафтарларига кўчириб олган бўлса-да, шоирнинг номи тиллардан тушмас эди. Гўё Абдулла Орипов бизга мактабда дарс бераётган, ё бир қишлоқда яшаётгандек эди.

Гўё Абдулла Орипов шеърлари топ-тоза ҳаво эди. Мен шу ҳаводан симириб-симириб нафас олардим. Бу шеърлар ичиб-ичиб тўймайдиган тип-тиниқ булоқ сувларидай соф эди. Мен ундан қанчалар тўйиб-тўйиб ичмай чанқоғимни қондиролмасдим. Лекин мен ёш ақлим билан бу бебаҳо хазинани, бетакрор ҳикматлар мағзини теран англаб етмасдим. Китобни эса, қайта-қайта ўқишдан, шеърлар қатида яширин ҳикматларни тушуниб етишдан эринмасдим.

Худдики, кувига солинган оппоқ сутни ҳар сафар пишкак билан уриб кўпиртирганда лўнда-лўнда қаймоқ ажралиб чиққанидек, шеърларни ҳар гал ўқиганимда теран ҳикматлар намоён бўлаверарди. Масалан: “Ўзбекистон” шеърини ўқиганда: “Она халқим, жон таним маним. Ўзбекистон Ватаним маним”, – деб бор овозда ҳайқиргим келарди.

“Ўз тўдангдан нега учдинг, қайтиш йўлин билмасанг?!” деб митти юлдуз ҳолига ачинардим. “Она сайёра” шеъридаги: “Уммонлар кўринар қатра ёш мисол. Чигит увоғича келмас тоғлар ҳам...”, “Шарқда чўпон ёққан гулханнинг нури, Шимол сайёҳига кўриниб турар”, мисраларини ўқиб, уларни ҳаяжон билан тасаввур қилардим.

Ғафур Ғулом хотирасига ёзилган “Алвидо, Устоз” шеъридаги: “Ёруғ бу оламда бормикин ахир шоир ўлимидан ортиқроқ мотам!” йўқлигига қайғурардим. “Муножот”ни тинглаб”ни ўқиганимда “Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига, қандай чидай олган экан одамзод!” дея ғамгин ўйларга ботардим. “Қарши қўшиғи”ни ўқиганимда Қарши чўлларига астойдил меҳрим тушиб қолгани рост. “Биринчи муҳаббатим” юрагида ишқ ниш урган тенгдошларимнинг севги гимни эди. Айрим севгида омад чопмаганлар:

– Хайр энди...

Қалбимда бир видо қолди,

Хайр энди, сен кетдинг, бегуноҳ оҳу.

Бугун сен қайдасан? Қайларда қолдинг?!

деб нидо қилган мажруҳ юраклар аҳволига гувоҳ бўлганман. “Илтижо”ни ўқиганда эса: “Айрилиқдан қўрқмасман бугун, Мен қўрқаман севиб қолишдан”, – деган ҳадик вужудимда илдиз отган. “Сен баҳорни соғинмадингми?” деб илтижолар қилганман. “Аёл” шеърини ўқиганда юрагимиз алам билан йиғлаган. “Най”нинг фарёди ҳамон қулоғимиздан кетмайди. Ҳамон “Дорбоз”да ёзилганидек: “Биз-чи, эҳ... баъзи бир кўзи очиқлар. Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам”. “Онажон” шеърини мангу видо қўшиғи, деб атагим келади:

Тушларимда майли бошим

Силаб тургин, онажон.

Қолганларга энди умр

Тилаб тургин онажон...

“Руҳим” ана шундай руҳий куч-қудрат билан мени Тошкент сари етаклади. Абдулла ака бир шеърида: “Мен шеър излайман Тошкент кўчаларида”, деб ёзган. Мен эса пойтахт кўчаларида Абдулла Ориповни изладим. Излаб-излаб топдим...

Ўшанда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаб юрардим. Таниқли ҳофиз ва шоир акамизнинг хонадонида бир пиёла чой устида маърифий суҳбат бўлди. Ҳали собиқ шўро даврининг “қайта қуриш ва ошкоралик” даври бошланмаган, Абдулла ака ёзганидек, ҳали “Ишонч кўприклари” бузилмаган ҳамда “Маломат тошлари” отилмаган бир самимий ўзбекона давра эди. Абдулла Орипов давранинг тўрида савлат тўкиб ўтирарди. Даврадагиларнинг нигоҳи у кишида эди.

Ўшанда даврдагилардан баъзилари тоза ҳаво олишга чиқдилар. Менинг кўзим Абдулла акада эди. Кутилмаганда у киши мени имлаб ёнларига чақирдилар. Салом-аликдан сўнг ўтиринг, деб ишора қилдилар. Орзуим ушалган эди.

– Қаерликсиз ука? – деб сўрадилар.

– Бухоронинг Навоийсиданман, – дедим ҳаяжон билан.

– Сизни ким тарбия қилган? – яна савол берди Абдулла ака.

– Бобом билан бийим, – дедим.

– Улар ҳаётмилар? – яна сўради устоз.

– Бобом оламдан ўтганлар. Бийим ҳаёт, борлар, – дедим.

– Момодан тез-тез хабар олиб туринг, – деди Абдулла ака. Сўнг давом этди: – Ёзганларингизни адабиёт газетасида ўқияпман. Яхши. Дадиллик бор. Энди бир гап: яхши нарсаларни ёзаверинг. Лекин мана шундай камтар, оддий бўлиб юринг. Яхши китоблар ёзинг, Тошкентдаги изларингиз беҳуда кетмасин. Одамийлик билан камтарликни унутманг, – деб қатъий тайинладилар.

Устознинг бу бебаҳо панд-насиҳат ва ўгитлари мен учун ҳамон йўлчироқ бўлиб келаётир. Ўша кун мен учун ҳақиқий байрам ва бир умр хотирамдан ўчмайдиган кун бўлганлиги ҳали-ҳануз ёдимда.

Яна бир ёрқин хотира. Ўзбекистон халқ артисти, миллий эстрада санъати асосчиси Ботир Зокиров ҳаёти ва ижодига қизиқиб мақолалар ёзиб юрардим. Бир куни навбатдаги мақоламни ўқиган устоз Абдулла Орипов шундай дедилар: “Ука Ботир ака ҳақидаги мақолангизни ўқидим.

Яхши ёзибсиз. Ундан бир китобнинг ҳиди келяпти. Ботир Зокиров санъатимиз ва маданиятимизнинг йирик ва жаҳон биладиган намояндаси эди. Шу улуғ инсон ва санъаткор ҳақида китоб ёзсангиз хайрли иш бўларди”...

Таклиф жуда ёқди. Абдулла аканинг турткиси ва таклифи билан “Юрак бўронлари” китоби яратилди.

Миллатимизнинг улуғ шоири Абдулла Орипов умрининг сўнгги йилларида четга суриб қўйилди. Ўшанда камина “Ўзбекистон” НМИУ да хизмат қилардим. Бир куни  Абдулла Орипов қўнғироқ қилиб, янги ёзилган шеърларини китоб қилган экан. Уни шоир ижодининг толмас тадқиқотчиси Дониёр Бегимқулов олиб боришини айтди

. Қўлёзмани ўқиб чоп этишга тайёрладим. Китоб 2015 йилда “Янги шеърлар” номи билан чоп этилди. Абдулла ака китобни кўриб, бениҳоя хурсанд бўлдилар. “Сиз менга бир вақтлар Абдулла Қаҳҳор қилган яхшиликни қайтардингиз”, деб қайта-қайта дуолар қилдилар.

Бу орада Абдулла ака Америкада даволаниб келдилар. Яна янги ёзилган шеърларни 2016 йилда “Эверест ва уммон” номи билан  чоп этдик. Китобни қўлига олган шоир қувончининг чегараси йўқ эди... Нишона нусхасидан шоир укамиз Ғайрат Мажид билан Абдулла акага олиб бордик. Эҳ-ҳе, шоирнинг қувончини кўрсангиз эди.

У киши 2016 йил сентябрда яна Америкага даволангани кетди. Устоз Неъмат Аминов айтганидек: “Абдулла Орипов шамга ўхшаб охиригача ёнади”. Айнан шундай бўлди.

Абдулла ака Америкадан қўнғироқ қилиб, янги ёзган шеърларини шоир Алишер Назар интернет орқали пешма-пеш олиб келиб турди.

Абдулла ака АҚШнинг Хьюстон штатида даволанаётган эди. У киши билан кунаро кеч соат тўққизлар атрофида телефонда гаплашардик. Баъзан янги шеърларидан ўқиб берарди.

Ўша куни 2016 йилнинг 3 ноябри эди. Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг 4 ноябрда Нурота туманида Навоий вилояти сайловчилари билан бўлган учрашувида мен ҳам иштирок этдим. Шундан сал аввалроқ Абдулла ака Америкадан қўнғироқ қилди. Ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг, учрашувда иштирок этишимни айтдим. Абдулла ака кутилмаганда хурсанд бўлиб, шундай дедилар:

– Укажон, ҳаммаси зўр бўлади. Худо хоҳласа, Шавкат Мирмонович албатта Президент бўладилар. Бундан ўзбек халқи ва Ўзбекистон кўп нарса ютади. Ҳаёт ва тараққиёт яхши томонга ўзгаради. Мени айтди дейсиз, мутлақо янги йўлдан кетамиз. У киши албатта Президент бўладилар, – деди. Улуғ шоирнинг чин дилдан айтган дуоси ижобат бўлди.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ,

 ёзувчи