Болаликдан яқинларига елкадош, мол-қўй боқиб, оиласи корига ярашга ҳаракат қилган Гулираъно ўз тақдирини мана шу илон изли сўқмоқлар, кенг пайкаллар билан боғлаб, кўпнинг эътиборига тушди, иззат-ҳурмат топди. Ерни шудгорлаш, экишга тайёрлаш, ягана, чопиқ, чеканка, пахта териш каби мавсумий юмушлар ёш фермерни ҳар жиҳатдан чиниқтирди, тажрибасини оширди.

Унумдорлиги паст, шўрхоқ ерларда деҳқончилик қилишнинг ўзи бўлмайди. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорлигини ошириш борасида тиним билмади, изланди, имконият қидирди. Эрта тонгда дала кезди, экинлар ҳолатини назорат қилиб, ишчилар билан баҳамжиҳат суҳбатлашиб, кези келганда техникани бошқарди, қўлига кетмон олиб, кўп қатори сув ёқалади.

— Дадам узоқ йиллар техника билан “тиллашганлардан”. Шу боис, техника бошқаришга, таъмирлашга қизиқаман, — дейди Гулираъно дала четидаги турфа техникаларга ишора қилиб. — Трактор рулини бошқарган илк кезларимда, оёғим механизм педалини босишга етмасди. Лекин астойдил ҳаракат қилганман, билмаганимни сўраб ўрганганман. Деҳқончиликнинг олтин қоидаси бор. Оби-тобида қилинган ишнинг баракаси мўл бўлади. Мавсум палласида ўзим рулга ўтириб, ғўза қатор ораларига ишлов бераман.

Айтишларича, илгари бу ерлардан нари борса 20–25 центнердан пахта териб олинган. Ғаллачилик ҳам оқсоқ соҳалардан бўлган. Манфаатдорлик йўқлиги боис, ишчи-хизматчилар қўнимсиз эди. Эндиликда бу ердаги ҳолат, манзара ўзгарди. Ўттиздан ортиқ иш ўрни яратилди. Тартиб билан экилган дов-дарахтлар, баравж ривожланаётган кўм-кўк ғўзаллар ҳосил мўллигидан дарак бериб турибди. Ҳар бир туп ғўзада 40–50 тагача ҳосил тугунакларини санадик.

Фермер хўжалиги ўтган йили пахтадан 50 центнердан, бу йилги ғалладан 90 центнердан ортиқ ҳосил йиғиштириб олди. Шартномадан ортган ғалла фермер хўжалиги аъзолари, кам таъминланган оилаларга бўлиб берилди. Натижада одамларнинг унга бўлган ишончи ортди. Меҳнатидан манфаат топаётган ишчи-хизматчилар сафи кўпайди, хўжаликнинг иқтисодий салоҳияти ривожланди. Жорий йил ғаллачиликдан кўрилган ялпи даромад салмоғи 400 миллион сўмдан ошди. 31 гектар пахта майдонидан 55 центнерга етказиб ҳосил териб олиш кўзлаб турилибди. Гулираъно ўтган қишлоқ хўжалиги йили якунлари доирасида “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирланди.

— Опам шифокор, уйимдагилар мени ҳам қиз болага хос касб-ҳунар танлашим кераклигини айтиб, фермерлик ишимга бироз қаршилик билдиришган. Иш оғир, вазифа юки, масъулият катталиги, қийналиб қолишимни кўп такрорлашган. Аммо мен аҳдимдан қаймаганман, — дейди фермер сўзини давом эттириб. — Биз жамиятнинг энг илғор кишиларига айландик. Президентимиз таъбири билан айтганда, қишлоқ хўжалигига илм олиб кириш, аграр соҳада қўшилган қиймати занжирини яратиш йўлида меҳнат қиляпмиз, изланяпмиз. Пахта ва ғаллачилик кластерлари ҳар жабҳада кўмак бермоқда.

Ҳали ўттизга ҳам кирмаган, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти магистранти Гулираъно пахта етиштириш агротехникаси йўналишида илмий изланишлар олиб бормоқда. Яъни экинларни кимёвий воситалар билан эмас, балки, органик ўғитлар ёрдамида етиштириш, қўл меҳнатини камайтиришга алоҳида эътибор қаратяпти. Бу усул иқтисодий самардорлиги билан ажралиб туради. Масалан, бир гектар ерда пахта етиштириш учун ўрта ҳисобда 1000–1200 килограмм кимёвий ўғит сарфланади. Бу қарийб 7–8 миллион сўм ҳаражат дегани. Органик усулда эса бу миқдор 7–8 ҳиссага камаяди. Энг муҳими, экин майдонлари унумдорлиги йилдан йилга ортиб боради. Табиий воситалар ёрдамида етиштирилган экологик тоза ҳосилнинг салмоғи, сифати ҳам юқори бўлгани боис, харидоргир.

— Бугунги фермерни бундан беш-олти йил аввалги фермер билан қиёслаб бўлмайди, — дейди Йўлчибой ака Холиқов. —Аввалари сутини ичиб турган уйимиздаги сигиримизни сотиб, белгиланган режани бажаришга мажбур бўлганмиз. Мажлисбозлик, юқоридан келаётган буйруқлар, комиссиялар тинкамизни қуритган. Жон ҳовучлаб кун ўтказардик. Эндиликда ҳамма нарса ўзгарди. Қизим қўлимдан ишни олганидан буён фермер хўжалигимиз янада ривожланиб, иқтисодий самардорликка эришаяпти. Чунки қишлоқ хўжалиги ишларига ҳам илм асосида ёндашиляпти. Ўғлим йўқлигидан ўксинмайман. Ўнта ўғилнинг ишини қиляпти қизим. Яқинда Умра сафарига бориб келдик. Шинам уй-жой, тўкин дастурхон – ҳалол меҳнатимиз маҳсули.

Гулираъно Холиқова раҳбарлик қилаётган Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги “Ҳолиқов Йўлчибой” фермер хўжалигида нафақат пахта ва ғаллачилик, балки чорвачилик, асаларичилик, дала четларида боғдорчилик йўналишларини ташкил этиш борасида ҳам иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида асаларичилик, балиқчилик йўналишларида қўшимча тармоқлар фаолияти йўлга қўйилди. Истиқболли лойиҳалар дастурига кўра, дала четидаги ерларни фойдаланишга киритиш орқали, бир гектар ерда узум етириштиришга тараддуд кўриляпти.

— У маҳалламиздаги фаол ва фидойи, қўли очиқ, саховатли ёш фермер сифатида ҳам кўпнинг корига бакор келмоқда, — дейди “Қайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Валижон Маҳкамов. — Фермер ташаббуси билан 13 километрдан ортиқ тоза ичимлик сув тармоғи тортилди, 2 километр ички сув ариқлари тозаланди, ички кўчаларни шағаллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга етти тоннадан ортиқ буғдой берди, маҳаллада бўлаётган барча маданий-маърифий тадбирлар, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларида ёшларга бош бўлиб келади.

Бир сўз билан айтганда, чўлларда дур ундириб, боғу бўстон яратган, элга ризқу рўз улашаётган ёшлар саъй-ҳаракати билан олис ва чекка ҳудудлар ҳам ободликка юз тутмоқда, янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқлари бўй кўрсатиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда.

 Расулжон КАМОЛОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири.