Юртимизда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий, маданий ва диний соҳаларга ҳам юксак эътибор қаратилди. Динга бўлган муносабат ижобий томонига ўзгарди.
Янгитдан масжидлар қурилди, аввалги мадраса ва зиёратгоҳлар қайта таъмирланди ва бу билан ички туризм ҳам ривожланди. Шунингдек, бошқа дин вакилларининг ҳам ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланди. Қисқа қилиб айтганда, динга бўлган муносабат янада ривожланди, ёшларимизни диний билим олишлари учун барча шароитлар яратилди.
Аммо кейинги пайтларда ҳеч қандай диний саводга эга бўлмасада, ёшларга диний таълим таълим бераётганлар тез-тез учрамоқда. Махсус билимга эга бўлмасдан диний фаолият билан шуғулланиш қонунларимизда ҳам тақиқланган.
Вилоятимиз ҳудудида ўтказилган тадбир давомида Косонсой туманида яшовчи А.С. яшаш хонадонида аёлларга диний таълим бериб ўқитаётган маълум бўлди. У ҳеч қандай диний маълумотга эга эга эмас. Ўқитиш жараёнида у диний суҳбатлар ўтказиб, уларга тушунчалар бериб борган, уларга намоз ўқиш қоидаларини, диний билимларни ўргатган.
А.С. ўзининг бу хатти ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган.
Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик иши жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди томонидан кўриб чиқилган ва А.Сни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари миқдорида яъни 1.225.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги тўла таъминланган. Диний таълим олиш истагида бўлган фуқаролар учун диний муассасаларда билим олиш имконияти яратилган. Ҳар бир маҳалланинг ўз масжиди бор. Аммо, яратиб берилган шароитларга қарамасдан баъзиларнинг диний билимга эга бўлмаган фуқароларнинг этагини тутаётганлигига нима дейиш мумкин?! Саводсиз муллалар бузғунчи ғояларни тарғиб қилмаслигига, ёшларни диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушириб қўймаслигига ким кафолат беради? Аслида маърифатдан йироқлик, маънавиятсизлик одамларни тўғри йўлдан адаштиради. Шу боис доим огоҳ бўлишимиз шарт.
Самаджон Қодиров,
ЖИБ Косонсой туман суди раиси