Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига келиб тушаётган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, хусусий қурилиш корхоналарининг кўпайиши майдонга ваъдабоз қурувчиларни кириб келишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Хоразм вилояти Урганч шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Шовот тумани “Узун кўл” маҳалласида яшовчи Дилнур Жуманиёзов мурожаат қилган. Фуқаронинг айтишича, у “Арт Хаус” МЧЖ қураётган янги уйлардан хонадон олиш учун бошланғич тўлов сифатида 50 миллион сўм тўлаган. Шартномага асосан 2020 йил 1 октябрда янги уйнинг қурилиш ишлари тугалланиб, хонадонлар ўз эгаларига топширилиши лозим бўлган.
Д.Жуманиёзов 2021 йил февраль ойига қадар ойма-ой уй учун қолган тўловларни ҳам тўлаб келган. Уйсиз, қишнинг совуғида, ёзнинг саратонида ижарама-ижара юрган инсонлар бу қандай оғир ҳолат эканини яхши билади. Кутиш бундай пайтда оғриқли жараён. Янги хонадонга кўчишни кутишдан чарчаган фуқаро Урганч шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Аслида ҳар қандай сабрнинг ҳам чегараси бор. Истеъмолчининг арзи жамият ходимлари томонидан жиддий ўрганилди. “Арт Хаус” МЧЖ томонидан қурилаётган уй яқин орада қурилиш ишларини тугатмаслиги аён бўлди. Федерация ходимларининг астойдил саъй-ҳаракатлари сабаб истеъмолчи Дилнур Жуманиёзовга уй-жой учун тўлаган 66 626 000 сўм маблағи ўз вақтида қайтариб берилди.
Гулноза ШАРАФОВА,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси
ахборот хизмати ходими