Мустақиллик йиллари театр санъати ривожини кўздан кечирар эканмиз, унинг йўли бир текис бўлмагани кўзга ташланади. Бу йўл маълум бир кўтарилишлар билан бирга, баъзи йўқотишлардан ҳам ҳоли бўлмади. Мавзу доирасида имкониятлар кенгайгани ҳолда, жанрлар бир текис, тенгқадамликда ривожланмади. Ҳатто баъзи мусиқали драма театрларининг (Андижон, Жиззах вилоят театрлари) оркестр ўра (яма)лари ёпиб ташланди. Аксар театрлар кассабоплигини рўкач қилиб, комедия жанрига зўр берди. Буни режани бажариш, дея ўзини овутган раҳбарлар ҳам бўлди. Жамоалар ҳам бунга кўникди, томошабин ҳам айнан шу руҳда тарбияланди. Шу маънода бу даврни театрлар учун катта синовлар даври деб ҳам аташ мумкин. Саҳналаримизни дастлабки ўн йилликларда эътиборда бўлган, нафақат режиссёр ва актёрлар салоҳиятини, шунингдек, томошабиннинг эстетик динини оширишда тенгсиз бўлган мумтоз мерос намуналари аста-секин тарк этди. Бунга катта меҳнат ва харажат сабаб эканлиги рўкач қилинди. Бироқ дадил айтиш ўринли, сўнгги йилларда театр санъатида сезиларли ўзгаришлар содир бўлмоқда.
Шу маънода Маданият вазирлигининг давлат театрлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ижодий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда репертуар сиёсатини замон талаблари даражасида шакллантириш мақсадида республика театрларининг 2022 йил репертуар режасига бағишланган йиғилишлари саҳна санъати олдида турган долзарб вазифалар ижросига қаратилган. Бундан кўзланган асосий мақсад ижодий жамоалар имкониятларини тўлиқ ишга солиш, ижодкорларнинг иқтидорини тўла намоён этиш, ёш ижодкорлар маҳоратини ошириш орқали театрларнинг жорий репертуарини бадиий юксак асарлар билан таъминлашдан иборат. Зеро, юқорида айтганимиздек, бундан бир неча йил аввал театрларимиз фақат кассабоп спектаклларга ружу қўйиб, асосан комедия жанрига мурожаат этган бўлса, бугунги кунда репертуарни шакллантиришда тарихга қайтиш, буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ва амалга оширган ишлари орқали уларни ўрнак қилиш нияти яна бир бор пайдо бўлгани кўринади.
Тарихий мавзуни ўзлаштириш анча мураккаб. Қолаверса, унга томошабинни жалб этиш ҳам осон эмас. Лекин шу билан бирга тан олиш жоиз, ўзбек театри тарихининг энг катта ютуқлари айнан тарихий мавзуни ўзлаштириш билан боғлиқ. Буюк аждодларимиз ҳақидаги асарлар айнан театрларимиз тарихида маълум бир босқич вазифасини бажарганки, бундан кўз юмиб бўлмайди.
Амир Темур ва Темурийлар даврини қамраб олган Иккинчи Ренессанс даври вакиллари ҳаёти ва фаолияти ҳақида театрларимизда кўплаб асарлар яратилган. Хусусан, мустақиллик қўлга киритилгач, адолат тантана қилиб, ўз даврида миллий давлатчилигимиз асосчиси бўлган Амир Темурга муносабатнинг ўзгариши 1998 йилдаги “Наврўз” театр фестивали мавзусини белгилаб берди. Фестивалда намойиш этилган 14 спектаклда узоқ йиллар халқидан узоқлаштирилган буюк давлат арбоби, маҳоратда тенги йўқ ҳарбий саркарда ҳақидаги маълумотлар асосан маърифий шаклда саҳна асарлари сюжетига сингдирилди. Бугунги кунда бу йўлдаги ишлар давом эттирилиб, қатор театрларда йил давомида Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Зебунисо, Нодирабегим сингари буюк аждодларимиз сиймоси акс этган асарларни саҳналаштириш режалаштирилган. Хусусан, Ўзбек миллий академик драма театрида давлат буюртмаси асосида саҳналаштириш кўзда тутилган Усмон Азим қаламига мансуб “Адолат фасли” тарихий драмаси буюк саркарда ва давлат арбобининг шахсий сифат ва фазилатларини очиш йўлидаги дадил қадам бўлишига шубҳа йўқ.
Театрлар репертуарини шакллантиришда миллий ва жаҳон драматургияси намуналарига бирдек эътибор қаратилаётгани эътирофли. Хусусан, Софокл, Шекспир, Шиллер, Мольер, Пушкин, Чайковский, Гогол, Чехов сингари жаҳон адабиётининг энг илғор вакиллари ижоди намуналари саҳналаштирилаётгани нафақат асарларда илгари сурилган гуманистик ғояларнинг давримиз учун муҳимлиги, шунингдек, асарларнинг режиссёр ва актёрлар маҳоратини чархлашдаги аҳамияти билан ҳам ўлчанади.
Замонавий драматургиямизнинг пешқадам вакиллари Шароф Бошбеков, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Ҳайитмат Расул, Нурулло Аббосхон, Салоҳиддин Сирожиддинов, Қўчқор Норқобил сингари тажрибали драматурглар сафини кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган ишларни ҳам тилга олиш ўринли. Драматургияни янада жонлантириш, даврнинг муҳим муаммоларига бўлган эътиборини кучайтириш мақсадида ўтган йили Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Тарихий, замонавий драматик, мусиқали драма ва қўғирчоқ пьесалари” танлови бу йўлда қилинадиган ишлар кўламини яна бир бор намоён этди. Танлов драматургияга ижодкорларни қизиқтириш билан бирга, янги номларнинг кашф қилинишида муҳим омил бўлди.
Танловда ғолиб бўлган асарларнинг театрларга саҳналаштириш учун тавсия этилгани ва бугунги кунда улар репертуарлардан ўрин олаётгани қувонарли. Хусусан, Салоҳиддин Сирожиддиновнинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбековнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Оққуш қўшиғи” асари, Минажатдин Қутлимуратовнинг жамиятдаги порахўрлик ва таъмагирлик иллатларини фош этувчи “Ҳалоллик вакцинаси”, фолькор манбалар асосида яратилган Н.Шоеванинг “Насриддиннинг саргузаштлари” шулар жумласидан. Шу билан бирга тарихий мавзудаги Жўра Маҳмуднинг “Шоҳ Мурод”, З.Неъматовнинг “Абдурауф Фитрат ёҳуд зулматдан зиё излаб” сингари асарлар эътироф этилиб, театрлар репертуари учун тавсия этилди. Миллий мусиқали асарлар салмоғини ошириш мақсадида Султонмурод Олимнинг “Кўнгил ови” асари, Умид Расуловнинг ўзбек аёллари садоқатини тараннум этувчи “Саодат йўли”, Фотима Мўминованинг ёшлар ўртасидаги муҳаббат ва вафо тушунчаларини акс эттирувчи “Оқ дарёга оққан армонлар” асарлари театрларга саҳналаштириш учун тавсия этилди.
Соҳани ривожлантиришда ижодкорнинг моддий манфаатдорлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода бир неча йиллардан бери драматургларга тўлаб келинмаган қалам ҳақларининг тўлаб берилгани, бу йўлдаги адолатли қадамлардан бири бўлди.
Турли танловлар, кўрик-фестиваллар саҳна санъати ривожида, ижодкорлар маҳоратини чархланишида катта аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда республика миқёсида ўтказилаётган кўрик-фестивалларда спектаклларнинг томошабоплигини ошириш учун танланган мавзунинг долзарблилигига, замонавийлигига, актёрлар ижроси ва режиссёрлик ечими томошабинга тушунарли ва тез илғаб олиши зарурлиги инобатга олинади.
Сўнгги 2 йилда ўтказилган Республика қўғирчоқ театрларининг XII анъанавий кўрик-фестивали (2020 йил 5–7 сентябрь, онлайн тарзда), ёш режиссёрларнинг “Дебют — 2020” (2020 йил 10–15 декабрь кунлари, онлайн тарзда) VI республика кўрик-фестивали, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида “Опера ва балет санъати” (2021 й.) халқаро фестивали, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг иштирокчи, Болтиқбўйи ва Грузия давлатларининг IV “Ёшлар театри санъати” форуми, “Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада” республика театрларининг фестивали жамоалар ҳар қандай шароитда ҳам ўз ишларига масъулият билан ёндашиши лозимлигини яна бир бор намоён этди.
Мамлакатимизда театр санъатининг ўрни ва унинг ривожига бўлган эътиборнинг катталиги нафақат мавжуд театрларни ривожлантириш, шу билан бирга янги театрларни ташкил этилаётганида ҳам кўринади. Қатор қўшни давлатларда театрлар ёпилиб, ёҳуд давлат таъминотидан чиқиб кетаётган бир вақтда Марғилонда мақом театрининг ташкил этилиши, “Дийдор” ёшлар экспериментал театр студияси, ”Томоша” болалар мусиқий театр студиялари давлат тасарруфига ўтгани бунинг исботи. Айниқса, миллий театр санъатининг ўзига хос тури сифатида мақом санъати ва театрнинг уйғунлашган кўриниши шаклида пайдо бўлган мақом театрининг фаолияти эътиборли бўлмоқда. Жамоа томонидан саҳналаштирилган “Хамса” спектакли ўтган йил сарҳисобида республика миқёсида ташкиллаштирилган “Алишер Навоий сиймоси ва асарлари саҳнада” фестивалида энг олий совринни қўлга киритгани эътирофли. Давлат театрлари рўйхатида янги пайдо бўлган “Дийдор” ёшлар экспериментал театр студияси, ”Томоша” болалар мусиқий театр студиялари репертуари учун танланган асарларнинг мавзу ва жанр жиҳатдан ранг-баранглиги ушбу жамоалардаги ижодий жараён ҳақида ижобий фикрларни уйғотади. Хусусан, “Томоша” болалар мусиқий театр студиясининг ёш авлод маънавий камолотида ўз ўрни бўлишига шубҳа йўқ.
Театр санъатидаги мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш амалиёти бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Тажрибали ва салоҳияти юқори бўлган режиссёрлар ва актёрларни турли театрларга асарларни саҳналаштириш учун сафарбар этиш амалиёти ўзини оқлаб улгурди. Хусусан, Олимжон Салимов, Валихон Умаров, Марат Азимов, Шомурод Юсупов, Сергей Седухин сингари тажрибали режиссёрлар қаторига дадил келиб қўшилган Асқар Холмўминов, Малика Искандарова, Нигора Ғойибназарова, Обид Абдуллаев, Анвар Абдуллаев, Ғофур Мардонов сингари режиссёрларни турли театрларда асарлар саҳналаштиришлари учун имкониятлар яратилаётгани жамоаларга янги “ҳаво” киритиш билан бирга, ижодкорларнинг янги қирраларини кашф этилишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат соғлом рақобатни шакллантириб, бадиий юксак асарлар яратилишига ундайди.
Қолаверса, театр санъати янгиланувчи жараён, унда ёшларнинг янгиликлари, замонавий қарашлари жуда ҳам зарур. Шу маънода янги Ренессанснинг асосий мақсади нафақат янги номларни аниқлаш, шунингдек, уларга масъул вазифаларни ишониб топширишда ҳам кўзга ташланади. Асқар Холмўминовнинг Миллий академик драма театри, Нигора Ғойибназарованинг Сирдарё вилоят мусиқали драма театри, Анвар Абдуллаевнинг Фарғона вилояти рус драма театри, Обид Абдуллаевнинг Фарғона вилояти мусиқали драма театридаги бош режиссёр лавозимларида бошлаган фаолиятлари ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, Асқар Холмўминов саҳналаштирган “Тонг отган тарафларда”, “Ўзгалар дарди”, “Уруш одамлари” спектакллари, Нигора Ғойибназарованинг Сирдарё театрида саҳналаштирган “Отамдан қолган далалар”, “Момо ер” спектакллари, Анвар Абдуллаевнинг “Қайсар қизнинг қуйилиши”, “Евгений Онегин”, “Шоҳ Бахром учун Моҳ” сингари спектакллари, Обид Абдуллаев томонидан Фарғона вилояти мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Лола ёҳуд барханларда унган гул” спектакллари ўзбек театрига умидли режиссёрлар кириб келаётганининг ёрқин исботи.
Ўзбек театрларида амалга оширилаётган ишларнинг кўлами кенг. Ундан кутилаётган натижа ҳам катта. Саҳна санъати аввало инсонга, унинг маънавий камолотига, жамиятнинг ижтимоий тараққиётига хизмат қилар экан, унинг ижодкорлари ўзларига юклатилган вазифаларни барча даврларда бўлгани каби сидқидилдан бажаришларида фақат собитқадамлик тилагинг келади.
Дилфуза РАҲМАТУЛЛАЕВА,
санъатшунослик фанлари доктори, профессор