Мўйноқ ҳақида гап кетганида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар гапларида “Маданият Мўйноқдан бошланади” деб таъкидлайдиган сўзлар қулоғим остида жаранглайди. Чиндан ҳам туманимизга давлат даражасида эътибор қаратиляпти. Бир муаллим сифатида мен бу эътибордан фахрланаман.  Яратганга шукрки, бир вақтлар унутилиб, эътибордан четда қолган Мўйноққа бугун жўшқин ҳаёт қайтди. Кенг йўллар ёқасидаги замонавий уйлар, меҳмонхоналар, боғча-мактаблар пойтахтдагилардан асло қолишмайди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасига қараб, инсон ўз заковати ва меҳнатсеварлиги туфайли саҳрони бўстонга айлантириб юбориши мумкинлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳар гал синфхонасига кириб янгича фикрлаётган қоракўзлар – севимли  ўқувчиларимнинг бахт ва ишончдан ёришиб турган чеҳраларига боқиб шодланиб кетаман. Давлатимиз  раҳбарининг, “Катта-катта иморатлар, замонавий техника билан мақтаниш керак эмас. Ақлли, билимли, фидойи фарзандларни тарбияласак, улар Ватанга садоқат билан хизмат қилса, энг катта бойлик, бахт мана шудир”, деган сўзлари ёдимга тушади.

Куни кеча ўқувчиларим билан табиат қўйнига сайрга чиқиб, мушоира уюштирдик. Айланиб юриб Мўйноқ заминида учиб юрган оққушларга кўзимиз тушди. Бу гўзал қушлар  Орол қуригач анча пайтларгача кўринмай қолишган эди. Баъзан озгина эътибор ҳам табиат учун етарли бўлиши мумкин. Жуда Орол тўлмаса ҳам ён-атрофдаги кўлларга сув келиб қолган эди, оққушлар ҳам қайтди. Буни бизга Мўйноқ табиат музейидагилар айтиб беришди. Оққушларнинг қайтганига бир йил бўлибди. Ўтган йили майда кўриниш берган қушларнинг салмоғи, кўз тегмасин, бу йил янада кўп.

Оққушлар билан саломлашгач, ўқувчилар она юрт ва табиат ҳақида ёзилган шеърлардан ўқиб баҳри байт ўйнашди. Шундан сўнг туманимизнинг мар­казий кўчасида жойлашган IT марка­зи билан “Китоб-кафе” бўлди. Ёшлар бу ерда мутолаа қилиш имконига эга. 5000 донадан зиёд китоб, 2000 элект­рон ва 1000 аудио китоб жамғармасига эга масканга ҳар куни ўртача ҳисобда 40-50 ўқувчи келар экан. Иншоотнинг ички дизайни чиройли ва дид билан безатилган. Ташкилотчилар томонидан китобхон ўқувчилар орасида турли тан­ловлар тез-тез ўтказилиб, муносиблар тақдирланиб борилади. Бу, албатта, китобхон ёшларнинг сафи ортишига сабаб бўлмоқда.

— Ҳар куни мактабдан сўнг “Китоб-кафе”га шошиб келаётган ўқувчи-ёш­ларга қараб қувонаман. Улар китоб ўқишга интилмоқда. Зеро, китоб ўқиган фарзанд фақат телевизор кўриб, ин­тернет оғушида катта бўлган тенгқур­ларидан устун, — дейди “Китоб-кафе” раҳбари Венера Саъдуллаева. — Улар билан суҳбатлашар эканмиз, дунёқара­шининг ҳам кун сайин кенгайиб бораёт­гани сезилади. Бизда китобхонлар ёши чекланмаган, барча ёшдагилар келиб, хизматларимиздан бемалол фойда­ланса бўлади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатига ҳам эътибор қара­тамиз. Яқинда янгича қаҳва тайёрлаш усулини ўйлаб топдик ва “Мўйноқ қаҳ­ва” деб номладик. У кўпчиликка манзур бўлмоқда.

“Китоб-кафе” ёнида ёшларни компь­ютер технологияларини ўргатувчи IT маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказ сўнгги русумдаги компьютерлар билан таъминланди, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технология­лари университети Нукус филиали ўқи­тувчилари томонидан ёшларга компью­тер сирлари ўргатилмоқда.

— Бу марказга келиб, ёшлардаги ин­тилишни кўриб, ҳайратга тушдим. Қизи­қувчилар сони кўп бўлгани боис, куни­га 3 марта дарс ўтишга тўғри келяпти. Улар билан ишлаш жуда мароқли. Мар­казимизга замонавий компьютерлар келтирилган, сўнгги авлод принтерла­рини кўриб, ўзимиз ҳам ҳаяжонландик. Оролбўйи ҳудуди болалари шундай шароитларда бепул ўқитилиши мам­лакатимизнинг ёшларга бўлган катта эътиборидан далолат, — дейди Шахан Абдиғаниев.

Президентимизнинг Мўйноқни ри­вожлантириш борасида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, улар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамла­моқда. Мўйноқда қад кўтарган за­монавий иншоотлар, боғлар, Адиблар хиёбони, Ҳунармандлар аллеяси, му­зейлар, мусиқа ва санъат мактаби, хул­лас, том маънода маданият Мўйноқдан бошланаётганининг ёрқин ифодасидир.

Ана шу қувончли кузатувларимни “Янги Ўзбекистон” таҳириятининг ижодий ходимларига йўллагим келди.

Салом билан     

Насиба АЛМАГАНБЕТОВА,

Мўйноқ тумани 6-сонли умумтаълим мактабининг

ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси