Унинг қайд этишича, мазкур ҳужжат жамият хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва ёшлар келажагини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Қонунга мувофиқ, яширин нарколабораториялар ва бангихоналар ташкил этиш, наркотик моддалар савдосига ҳомийлик қилиш, уларни интернет тармоқлари ёки трансмиллий каналлар орқали тарқатиш каби ўта оғир жиноятлар учун янги жавобгарлик чоралари жорий этилди. Энди бундай қилмишларни содир этган шахсларга 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Шунингдек, уюшган наркожиноятчилик учун белгиланган жазолар сезиларли даражада кучайтирилди. Илгари айрим жиноятчилар жазонинг маълум қисмини ўтаб, муддатидан аввал озодликка чиққан ҳолда ноқонуний фаолиятини давом эттирган бўлса, янги тартибга кўра, оғир наркожиноятларни содир этган шахслар жазо муддатини тўлиқ ўташлари шарт бўлади.

Қонун ёшларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратган. Вояга етмаганларни наркотик моддалар истеъмолига ундаш оғир жиноят сифатида баҳоланиб, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Таълим муассасалари, талабалар турар жойлари, болалар оромгоҳлари ва бошқа тарбия муассасаларида ёшларни наркожиноятларга жалб қилган шахслар ҳам қаттиқ жавобгарликка тортилади.

Президент Администрацияси раҳбарининг таъкидлашича, мазкур қонуннинг асосий мақсади фақат жазони кучайтириш эмас, балки халқ саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат генофондини асраш ва ёш авлодни наркотиклар балосидан ҳимоя қилишдан иборат.

Бугунги кунда давлат органлари томонидан нарколабораториялар, уюшган жиноий гуруҳлар ва наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ каналларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу курашда жамоатчилик, айниқса, ота-оналарнинг ўрни беқиёс.

Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлиш, уларнинг атроф-муҳити ва қизиқишларини доимий назорат қилиш, зарарли иллатлардан огоҳ этиш ҳар бир оиланинг муҳим вазифасидир. Зеро, ёшлар келажаги — мамлакат келажагидир. Наркотиклар балосига қарши курашиш эса давлат ва жамиятнинг умумий масъулиятидир.