Тадбир Қатар амири оиласи аъзоси, Қатар музейлари раиси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний иштирокида ўтказилди.

Кўргазмада Ўзбекистон музейлари ҳамда Қатар коллекцияларида сақланаётган ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда. Экспозиция ислом дини тарқалишидан олдинги даврлардан тортиб, Сомонийлар ва Темурийлар даври ҳамда бугунги кунгача бўлган тарихий босқичларни қамраб олган.

Унда тарихий осори-атиқалар, анъанавий ҳунармандчилик ва тўқимачилик санъати намуналари ўрин олган.

«Бу — Қатар халқи ва унинг меҳмонларини бой тарихимиз ҳамда меросимиз билан яқиндан таништириш учун қулай имконият, шунингдек, Ўзбекистон–Қатар маданий алоқаларини янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам», — деб ёзди Саида Мирзиёева.

Шу куни Қатарнинг етти нафар ҳунармандининг Тошкент, Самарқанд ва Бухорога ижодий сафари натижаларига бағишланган «Экташиф Узбекистан» кўргазмаси ҳам очилди.

Унда Ўзбекистон маданияти ва анъаналаридан илҳомланган ҳунармандлар томонидан яратилган заргарлик буюмлари, қадимий хаттотлик услубидаги асарлар, нафис гиламлар ҳамда ижодий сафар давомида олинган фотосуратлар намойиш этилмоқда.