Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги 23 та санаторий ва битта дам олиш уйи халқимиз соғлиғини мустаҳкамлаш билан бирга, маънавий дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши йўлида ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда. Шундай санаторийлар сони яна биттага кўпайди.

Дунё стандартлари талаблари асосида барпо этилган “Заркент” санаторийси очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, қатор вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлар масъуллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ижодкорлар, устоз-мураббийлар ва ёшлар иштирок этди.

— Президентимиз ташаббуси билан “Инсон қадри учун” деган бош тамо­йил асосида эзгулик, инсонийлик каби қадриятлар мужассамлашган кўплаб лойиҳалар, инсонпарвар ислоҳотлар амалга ошириляпти, — дейди Қудратилла Рафиқов. — Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда бирдек рўй бераётган ўзгаришлар моҳиятида инсон ва унинг манфаати юксалаётгани, юртдошларимиз бундан-да яхши яшаши, муносиб меҳнат қилиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши, умрини кўп яхшилик­лар билан зийнатлаши бош мақсад қилиб олингани фикримиз тасдиғидир.

Бугун фойдаланишга топширилган “Заркент” санаторийси ҳам улкан бунёдкорлик ва халқ манфаатлари кўзланган сиёсат маҳсулидир. Боиси, давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида ана шу эзгу таклифни илгари сурган эди. Бугун барчамиз бу ажойиб маскан очилиши тантанасига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Сўлим ва мафтункор Заркент қишлоғида барпо этилган 150 ўринли санаторий нафас йўллари ва асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослашган.

Умумий майдони 2,8 гектар бўлган маскан ташхис қўйиш ва даволаш билан бирга саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Барча қулайликлар бир жойда, яхлит ташкил этилган санаторийда физиотерапия, фитотерапия, лазерли терапия, психотерапия, жисмоний тарбия, уқалаш, сув билан даволаш каби усуллардан кенг фойдаланган ҳолда муо­лажалар қилинади. Бу ердаги кўркам боғ ва гулу райҳонлар ифори дам олувчиларнинг кўнг­лига ҳаловат, руҳиятига сокинлик улашади.

Санаторийдаги қурилиш-бунёдкорлик ишларига, мебеллар, инвентарлар, ­тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 50 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Муҳими, юзга яқин фуқаро иш билан таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, санаторий Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида халқимизга муносиб туҳфа бўлди.

Тадбирда “Заркент” санаторийсига “Ласетти” ва “Дамас” автомобиллари топширилди.

— Ўзбекистон том маънода янгиланиш ва ўзгаришлар юртига айлангани, ислоҳотлар халқимиз турмуши фаровонлигини оширишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов. — Юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бу ўзгаришлар одамлар кўз ўнгида юз бермоқда. Кўп миллион аъзога эга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерация­си ҳам янги сиҳатгоҳлар барпо этиш, бу орқали халқимиз саломатлигини яхшилаш борасидаги тизимли ишларга ўз ҳиссасини қўшаётгани таҳсинга лойиқ.

Юртдошларимиз соғлиғини сақлаш чора-­тадбирлари йил сайин кенгайиб, такомиллашиб бормоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимдаги санаторийлар моддий-техник базасини яхшилаш, уларнинг қабул қувватини ошириш, янги сиҳатгоҳлар фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Пировардида, мавжуд санаторийлар ўз рейтинги, даволаш муолажаси ва усуллари хилма-хиллиги, мажмуавий қулайликларга эгалиги билан нафақат Марказий Осиё, балки узоқ хориждаги нуфузли санаторийлар билан бемалол рақобат қила олади. Шу боис, сўнгги йилларда Ўзбекистон санаторийларига чет мамлакатлардан келувчилар сони ­кескин кўпайди.

“Заркент” санаторийсининг илк дам олувчилари кўп йиллар давомида турли соҳаларда меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган, ўгит ва маслаҳатлари билан ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган отахон ва онахонлар бўлди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири