Бугун, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия – Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни бошланди.

Тошкент – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан бугун тунда Ўзбекистон томон йўлга чиқади. Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд эса 7 август куни 918 нафар йўловчилар билан тушдан сўнг Ватанимиз томон ҳаракатланишни бошлайди.

Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилди. Бузулук - Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 287 000 сўм (9 259 рубль), Кинел - Тошкент – 1 357 000 сўм (9 761 рубль) ни ташкил этади. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади.