Учрашувда «Микрокредитбанк» томонидан фуқароларимизнинг меҳнат миграциясини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, хусусан транспорт харажатларини қоплаш учун 1 000 долларгача бўлган кредитлаш тизимини ишлаб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашувда мазкур кредитни расмийлаштириш, уни қайтариш Самара вилояти миграция хизматлари кўрсатиш маркази томонидан ишлаб чиқилган мобил илова орқали амалга оширилиши режалаштирилаётгани, кредитни расмийлаштириш учун хорижий иш берувчининг ўзи кафил бўлиш имкониятлари кўриб чиқилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил февраль ойида Самара вилояти миграция хизматлари кўрсатиш маркази вакили А.Щербинин Агентликка ташриф буюриб, ушбу марказ филиалини Ўзбекистонда ташкил этиш бўйича келишув имзолаш истагини билдирган эди. Агентликнинг вилоятлардаги филиаллари фаолияти билан танишиб, Самара вилояти миграция хизматлари кўрсатиш маркази томонидан ишлаб чиқилган мобил илова тақдимотини ўтказди.

Мобил иловада Ўзбекистон фуқароларига кўрсатиладиган хизматлар, хусусан, иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган ваканциялар, юртдошларимизнинг Россия Федерациясига кириб боргунга қадар уларнинг патент расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўпламини шакллантириш, миграцион ҳисобга туриш, патент расмийлаштириш учун навбатга ёзилиш хизматларини кўрсатиш назарда тутилган, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.