Ушбу ҳужжат “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар амалга оширилишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Фармонда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятида ўзини ўзи бошқариш тамойилини кучайтириш, судьялар корпусини шакллантиришда шаффоф ва аниқ мезонларга таяниш, номзодларни танлаш жараёнларига очиқликни кенг жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, суд тизимида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.
Судьянинг алмаштирилмаслиги тамойилини қонунчиликка киритиш юзасидан қатор муҳим таклифлар маъқулланди. Жумладан:
- судьялар аввал 5 йиллик муддатга, кейин эса муддатсиз асосда тайинланиши;
- раҳбар ва юқори турувчи судьялик лавозимлари бўйича номзодлар судьялар орасида очиқ танлов асосида сараланиши;
- “ҳалоллик”, “касбий лаёқат” ва “одоб қоидаларига риоя қилиш” каби асосий мезонлар қонун даражасида белгиланди.
Эндиликда Кенгашнинг доимий асосда ишловчи судьялари:
- Олий суддан – 2 нафар,
- вилоят босқичидаги судлардан – 7 нафар,
- туман ва шаҳар судларидан – 4 нафар судьядан иборат бўлади.
Номзодларнинг барчаси судьялар малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади. Кенгашнинг жамоатчилик асосидаги аъзолари эса илмий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари тавсияси билан шакллантирилади.
2025 йил 15 декабрдан бошлаб Кенгашнинг расмий веб-сайтида:
- суд тизимида бўш турган барча лавозимлар,
- уларни эгаллаш тартиблари,
- номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёнларининг ҳар бир босқичи очиқ эълон қилиб борилади.
Бундан ташқари, номзодлардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш амалиёти тугатилади, Кенгашнинг ахборот тизими идоралараро база билан тўлиқ интеграция қилинади.
Фармонга мувофиқ:
- судьялар иш фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллектдан фойдаланилади;
- номзодларнинг психологик портретини баҳолаш электрон платформа орқали амалга оширилади;
- Кенгаш мажлисларида овоз бериш ва қарор қабул қилиш жараёнлари рақамлаштирилади.
Кенгашга 4 та қўшимча штат бирлиги ажратилиб, унинг умумий штати 32 та қилиб белгиланди.
Кенгаш, Олий суд ва Бош прокуратура адолатсиз ҳукм ва қарорлар учун жавобгарликни халқаро мезонлар асосида қайта кўриб чиқиш, Кенгаш аъзолари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича таҳлилий материал тайёрлайди.
Шу билан бирга, судьяларга нисбатан интизомий иш юритишда уларнинг ҳимоя ҳуқуқи кафолатланади, интизомий жазоларнинг аниқ мезонлари белгиланади ва жазо амалда бўлган вақтда юқори лавозимларга тавсия этиш тақиқланади.
Фармонга мувофиқ:
- Одил судлов академиясига қабулда хотин-қизлар учун алоҳида квота белгиланиши мумкин;
- Ўзбекистон аёл судьялар ассоциацияси тузилиши учун ташаббус қўллаб-қувватланди;
- Академияда ўқитувчи сифатида ишлаган судьялар фаолият тугагач, ўз лавозимига қайта олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур Фармон судьялар мустақиллиги ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқиш, судьялар ҳамжамияти органларининг профессионал ва институционал самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Низомиддин Эрназаров,
Ўзбекистон Республикаси
Одил судлов академияси
Кабинет мудири