Тадбирдан тушган маблағ ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилади.

Самарқанд Ярим Марафони Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Самарқанд шаҳри маъмурияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади – мамлакат маданият ва санъат объектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спорт туризмини ривожлантиришдан иборат.

«Мана 3 йилдирки,Туризм ва спорт вазирлиги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда «Samarkand Half Marathon» тадбирини катта тайёргарлик билан ўтказиб келяпти. Шу йиллар мобайнида кўплаб маданий, маънавий ва спорт йўналишлари бўйича аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатувчи лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширдик. Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари орасида фаол турмуш тарзи тобора оммалашиб боряпти. Самарқанд Ярим Марафони лойиҳаси юртимиздаги энг йирик спорт тадбиридир. Мамлакатимиз бўйлаб ҳажми ва қамрови бўйича унга тенг келадигани йўқ. «Samarkand Half Marathon» йилдан-йилга юртдошларимиз ҳамда чет эллик меҳмонлар орасида тобора машҳур бўлиб бормоқда», — деди Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.

Тадбир МДҲ давлатлари, АҚШ, Италия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон ва бошқалардан кўп сонли иштирокчиларни ўзига жалб этди. Улар орасида ёш спортчилар, югурувчилар, хусусий компаниялар вакиллари, кексалар, ҳаттоки оилалар фарзандлари билан иштирок этди.

Хайрия ярим марафонида қатнашиш Туризм ва спорт вазирлиги ходимлари учун ҳам ҳар йилги анъанага айланган. Ўтган йилги мусобақаларда «Tourism Runners» жамоаси совринли учинчи ўринни эгаллаган эди.

Ярим марафонга Регистон ансамбли ёнидан старт берилди. Марафон иштирокчилари бутун йўналиш давомида Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий масканларини томоша қилди.

21 километр масофага югуришда 487 нафар киши қатнашди. 10 километр масофага ўтказилган пойгада 748 нафар иштирокчи куч синади. Икки километрлик пойгада 907 нафар ҳаваскор ва спортчи иштирок этди. Бундан ташқари, 100 нафар иштирокчи 2 километр масофага скандинавча юриш бўйича мусобақаларда қатнашди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Жорий йилда ярим марафонда кўплаб хотин-қизлар иштирок этганлиги уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллиги ривожланаётганидан далолат беради, чунки бугунги кунда юртимизда гендер масалаларига, уларнинг бандлигини таъминлаш қамрови кенгайтиришга катта эътибор қаратиляпти.

Ҳар бир масофа учун белгиланган вақтни бажарган мусобақа иштирокчилари марра чизиғида эсдалик медалларини олди. Ғолиблар учун мукофот жамғармаси ташкил этилди. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўриндан учинчи ўрингача бўлган эркаклар ва аёллар пул мукофотлари билан тақдирланди.