Марказга ISO сертификатини G-CERTI халқаро сертификатлаштириш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Дилшод Мўйдинов топширди. 

ISO сертификати одатда бирор ташкилотнинг мижозларга кўрсатилаётган сифатли хизмати учун берилади. Хусусан, СамДТИ 2-клиникасининг фаолияти G-CERTI халқаро ташкилоти томонидан ўрганилган ва эътироф этилган.

«Марказимизда бугунги кунда нафақат Самарқанд, балки қўшни Навоий, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан хирургик касалликларга чалинган беморларни қабул қиляпмиз. Ўртача бир йилда 20 мингта мурожаат бўлса, шундан 10 минг нафар бола даволанишга ётқизилади. Олти мингта мураккаб операциялар ўтказилади. Биргина урология соҳасида ҳам каттагина ютуқларга эришдик. Ушбу йўналишда республикада биринчи бўлиб эндоурологик операцияларни амалга оширдик», дейди СамДТИ болалар хирургияси кафедраси мудири Шуҳрат Юсупов.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, болалар хирургияси маркази ҳозирги кунда тиббиёти ривожланган кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Клиника шифокорларидан 30 нафари Осиё эндоскопик ва лапароскопик хирурглар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.