— Университетимизда электрон ҳужжатлар алмашинуви йилдан-йилга такомиллаштирилиб, меъёрига етказилди. Бугун таълим даргоҳимизда раҳбар олдига ҳеч қанақа ҳужжат олиб кирилмайди. Ҳамма ҳужжатлар электрон тарзда юборилади. Буни ўзимиз ишлаб чиқдик. Бундай тартибда ишлашни олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб йўлга қўйдик. Масалан, талабнома, билдиришнома, буйруқ, ариза ёки бошқа ҳужжатлар раҳбарга электрон тарзда юборилади. Ректор ҳужжатларни хоҳласа, ўзи кўради ёки бирор масъул шахсга ижросини юклайди. Масъул шахснинг профилида ўша юборилган ҳужжат кўринади. Ким томонидан юборилгани ва қанча муддатда бажарилиши кўрсатилади.
Талабалар ётоқхонага қандай жойлаштирилади?
Илгари талабаларни ётоқхонага жойлаштириш масаласи билан деканат, декан ўринбосари, ўқитувчи тьютор — ҳамма бирдек шуғулланарди. Ҳозир эса талабалар тураржойини мувофиқлаштириш бўлимимиз бор. Унда бир ходим талабаларниг барча ҳужжатини электрон тизим орқали қабул қлади.
Порталимиз ҳукумат портали билан интеграция қилинган. Шунинг учун Давлат персоналлаштириш марказидан шахсга тегишли маълумотларни олиш учун сертификат олганмиз. Ўша сетификат бўйича рўйхат асосида тегишли шахсларнинг яшаш жойи, оилавий шароити ҳақида маълумотни электрон оламиз. Бу ётоқхонага эҳтиёжи юқори бўлганларни саралашда ёрдам беради. Масалан, талаба ётоқхонага жайлашиш учун онлайн ариза топширади.
Бу тизимнинг афзаллиги шундаки, талаба ҳужжат кўтариб келиб навбатда турмайди. Аризаси кўриб чиқилгач, унга ётоқхонага қабул қилингани ёки қабул қилинмагани ҳақида смс орқали хабар берилади. Нима учун қабул қилинмагани ҳақида хабарда изоҳ берилади. Масалан, баъзилар “ отам ногирон”, деган бандни танлайди, лекин асосли ҳужжат юкламайди. Бундай талабага асосли ҳужжат юбориши учун яна бир имконият берилади. Aгар у отасининг ногиронлиги ҳақидаги қўшимча ҳужжатни юкласа, унга ётоқхонадан жой берилади.
Университет ректорининг ўзи ҳам ушбу тизимга юборилган аризалар ва уларга берилган жавобларни кузата олади. Интеграция орқали талабанинг маълумотини олиш ва адолатли тарзда тураржой билан таъминлаш тизимини ҳам биринчилардан бўлиб жорий этдик.
Китобларга электрон буюртма бериш мумкин
Яқинда яна бир янги лойиҳага қўл урдик. Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида университет кутубхонасидаги китобларга электрон буюртма беришни йўлга қўйдик. Талаба бевосита сайтимизга кириб, қайси китоб кутубхонада мавжудлигини кўради, буюртма беради ва ўша китобни кутубхонадан олади. Талаба келиб, логинини айтади ва китобни олиб кетади. Илмий бўлимдаги китобларни узоқ муддатга олиш мумкин. Бошқа китоблар икки-уч кунга ёки бир ойга берилади.
Талабадан “Ҳужжат қани?”, “Паспортингни бер”, “Талабалик гувоҳноманг борми?”, “Бизда ўқийсанми?” деган саволлар сўралмайди. Логин киритилгач, талабанинг барча маълумотлари чиқади. Ҳар бир талабанинг олган, берган китоблари ҳам электрон тарзда ҳисоблаб борилади. Кутубхонада нечта китоб бор, қанчаси талабалар қўлида, қанчаси қайтарилган — ҳаммасининг ҳисоботи кўриниб туради. Aгар талаба берилган вақтда китобни келтирмаса, тизим автоматик равишда белгиланган муддатни ҳисоблаб, китоб келтирмаганини кўрсатади.
Мобил иловамиз орқали барча хизматлардан фойдаланса бўлади
Университетимизнинг мобил иловаси бор. Мобил илова профессор- ўқитувчилар, талабалар ва уларнинг ота-оналарига мослаштирилган. Унда раҳбарият тўғрисида барча маълумот, қолаверса, ўқув биноларининг жойлашуви мавжуд. Масалан, эндигина қабул қилинган талабалар ўқув биносининг қаерда жойлашганини билмаслиги мумкин. Мобил иловада ўша бинонинг номи танланса, автомат тарзда қаерда жойлашгани ҳақида харита пайдо бўлади.
Таълим платформамизда ҳам мобил илова орқали барча хизматдан фойдаланса бўлади. Ҳатто кутубхонанинг ҳам мобил иловаси бор, у орқали талаба китобларни юклаб олиши мумкин. Илованинг ўзида ўқиш имконияти мавжуд. Талаба илова орқали китобни очганда, китоб ҳақида қисқача маълумотлар, яъни унинг номи, мазмуни, мегабайти кўринади.
Мобил иловалар кўзни оғритмаслиги учун махсус режимларга мослаштирилган. Шунингдек, улар ўзбек, рус, инглиз тилида ишлайди. Китоб юклангач, исталган вақтда уни ўқиш мумкин. Масалан, нечанчи бетга келганингизни ҳам эслаб қолади. Ўқишга қулай бўлиши учун китобнинг параметрини ҳам мослаш мумкин, ҳарфларни катталаштириш, ён томондан варақлаш ёки тепадан пастга қараб ўқиш имкони бор. Мобил иловага талабалар зерикиб қолмаслиги учун оддий ўйинларни ҳам юклаб қўйдик.