Йиғилиш “Халқаро мажбуриятлардан – самарали амалга оширишга: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий имплементация механизмларининг роли” мавзусида ташкил этилди.

Муҳокамаларда мамлакатимизнинг суд ва қонун чиқарувчи идоралари, Туркия, Таиланд, Қатар, Марокаш, Қозоғистон, Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Бир қатор иштирокчилар онлайн тарзда чиқиш қилди.

Тадбирда асосий эътибор идоралараро мувофиқлаштириш, халқаро мажбуриятларни бажариш, ҳисобот бериш ва мониторинг қилиш бўйича миллий механизмлар фаолияти, илғор халқаро тажрибани қўллаш масалаларига қаратилди.

Таъкидланганидек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази 30 йил давомида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни илгари суриш, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бажариш, БМТ механизмлари билан ҳамкорлик қилиш, соҳада таълим ва тадқиқотларни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаб келмоқда.

Форум доирасида “Capstone Project Uzbekistan” инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастури ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мукофотларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Нидерландиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссияси раҳбари ўринбосари Мартин ван Бюрен ва Халқаро тараққиёт ва адолат маркази президенти Азамат Шамбилов топширди.