Жорий йилнинг 23–25 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Енгил атлетика бўйича Марказий Осиё 4-Очиқ чемпионати бўлиб ўтади. Унда 11 та мамлакатдан 300 дан ортиқ спортчилар иштирок этади. 

Очиқ турнирда иштирок этиш учун Ўзбекистонга Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон терма жамоалари ташриф буюради. Уларга Малайзия, Таиланд ва Филиппинлардан спортчилар қўшилади.  

Спорт мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва Енгил атлетика федерацияси томонидан Марказий Осиё енгил атлетика ассоциацияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ кўмагида ташкил этилади.  

Мусобақалар Самарқанд шаҳридаги “Afrosiyob Arena” спорт мажмуасида ўтказилади. Спортчилар асосий югуриш йўналишларида ҳам, техник мусобақаларда ҳам — баландликка сакраш, таяниб сакраш, узунликка, уч ҳатлаб сакраш, диск, болға, отиш, найза улоқтириш бўйича қатнашади.  

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси деярли барча йўналишларда чиқиши белгиланган. Стадионга иштирокчилар билан биргаликда V Ислом Бирдамлик ўйинлари ғолиблари Шарифа Давронова, Анвар Анваров, Сухроб Хўжаев, Фарида Солиева, Наргиза Қўчқорова ва Роксана Худоярова куч синаш учун чиқади. 

Мусобақанинг учинчи кунида “Save Aral–2022” халқаро хайрия оммавий югуриш мусобақасининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади. Икки мингдан ортиқ иштирокчилар Орол денгизи атрофидаги экологик муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказиладиган “Save Aral” мусобақасини қўллаб-қувватлаш учун иштирок этади.