«Ўзида кўп минг йиллик тарих ва қадриятларни мужассам этган, замонавий меъморчилик анъаналари асосида кундан-кунга чирой очиб бораётган бу улуғ замин дунё цивилизациясида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда», — деди Президентимиз.
Хусусан, «Боқий шаҳар» мажмуаси барпо этилгани, 40 дан зиёд муқаддас зиёратгоҳлар обод бўлгани, «Самарқанд» халқаро аэропорти янгидан қурилгани, ўнлаб халқаро бренд меҳмонхоналар иш бошлагани вилоят туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди.
Самарқанд сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий, туризм ва бизнес марказига, кўплаб йирик халқаро тадбирлар, форум ва анжуманлар учун мулоқот майдонига айланди.
Шу йилни ўзида бу ерда 40 дан ортиқ нуфузли халқаро анжуман ташкил этилгани, айниқса, яқинда UNESCO Бош конференцияси 43-сессияси ўтказилгани чиндан ҳам улкан воқеа бўлди.
Умуман, туризм ва унга турдош соҳаларга 1 миллиард доллар инвестиция киритилгани учун вилоятга сайёҳлар оқими 2016 йилгидан 7 карра ўсди, туризм хизматлари экспорти 600 миллион долларга етди.