– Имкониятим чекланган, ҳеч қаерда ишлай олмайман, – дейди Булоқбоши маҳалласида яшовчи Шаҳзода Қаршиева. – Лекин тикиш-бичиш қўлимдан келади. Шунинг учун вилоят ҳокимидан тикув машинаси ажратишларини сўрадим. Масалам шу ернинг ўзида ҳал этилди – тикув машинаси келтириб беришди, миннатдорман. Энди тикувчилик қилиб, рўзғор учун зарур маблағни топишим мумкин.

Тумандаги 26-умумий ўрта таълим мактаби директори Ўктам Бўриев мактаб учун қўшимча бино қуриш ишларини якунига етказишда маблағ ажратиш масаласида мурожаат қилди.

– 420 ўринли мактабимизда бугунги кунда 1100 нафардан ортиқ ўқувчи икки навбатда ўқийди – дейди Ў.Бўриев. – Ушбу масалада вилоят ҳокимига мурожаат қилганимдан сўнг, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча бино қурилиши бошланган эди. Аммо иш якунига етмади.

Шу сабабли бугун яна келишга мажбур бўлдим. Мурожаатим ижобий ҳал бўлди. 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари якунига етказилиши маълум қилинди.

Сайёр қабул давомида 290 нафардан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларни белгиланган муддатларда ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.