Самарқанд аэропорти янги терминали орқали илк бор хизмат кўрсатган рейс Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкентдан Самарқандга учиб бориб, яна ортга парвоз қилган HY-045/046 рақамли рейси бўлди.
Ушбу парвоз Ўзбекистон Республикасининг замонавий авиацияси тарихида янги бобни очиб берди.
Янги терминалнинг очилиш маросимида 250 нафардан ортиқ киши қатнашди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматов, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева, шунингдек «AIR MARAKANDA»нинг операцион фаолият бўйича бош директори ўринбосари Хилми Йилмаз сўзга чиқдилар.
Янги терминалнинг қурилиш лойиҳаси қиймати 80 миллион долларга тенг бўлиб, бу лойиҳа Ўзбекистон авиацияси тарихида биринчи марта «Uzbekistan Airports» АЖ (давлат ҳамкори) ва «AIR MARAKANDA» МЧЖ (хусусий шерик) ўртасида имзоланган давлат-хусусий шериклик келишуви натижасида амалга оширилди. Қурилиш ишлари Ўзбекистонда етакчи EPC-пудратчи ҳисобланган Enter Engineering компанияси томонидан Туркиянинг Kiklop лойиҳа-муҳандислик компаниясида яратилган меъморий ечим асосида амалга оширилди.
Янги терминал доимий рейслар сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш имконини беради, перроннинг модернизация қилиниши натижасида авиатураргоҳ 24 тагача ҳаво кемасини сиғдира олиш даражасигача кенгайди. Аэропортнинг йўналиш тармоғини кенгайтириш режаси 2030 йилга бориб йўналишлар сонини 30 тага етказишга қаратилган. Масалан, 2019 йилда Самарқанд аэропортидан 5 та йўналиш бўйича авиақатновлар амалга оширилар эди. Lufthansa Consulting халқаро таҳлиллар ташкилоти томонидан ўтказилган мустақил таҳлиллар ушбу аэропорт орқали йўловчи оқимининг йилига 480 000 кишидан 2 миллион кишига ортишини кўрсатяпти.
Янги аэровокзал мажмуаси халқаро меъёрларга мос равишда жисмоний имконияти чекланган йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича талабларни ҳисобга олган ҳолда бунёд этилган. Терминалда 29 та рўйхатга олиш пештахтаси, 8 та ҳаво кемасига миниш учун чиқиш йўлаклари, 4 та телескопик трап, 10 та паспорт назорати кабинаси ва учиб кетаётган йўловчилар учун 6 та Е-gate, шунингдек учиб келган йўловчилар учун 15 паспорт назорати кабинаси мавжуд. Қўшимча қулайликлар 3,1 км узунликдаги учиш-қўниш йўлаги, 24 ўринли авиатураргоҳдан иборат, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
Қўшимча маълумот:
AIR MARAKANDA 2020 йилда, аэропортларни бошқариш ва йўловчиларга ҳамда авиакомпанияларга қўшимча хизматлар, жумладан шахсий багаж, юклар, почтага ишлов бериш, самолётларга техник хизмат кўрсатишни соддалаштириш каби хизматларни кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.