2021 йилда Самарқанд вилоятида 94 минг 230 гектар буғдойдан бўшаган майдонларнинг 85 минг 142 гектари 140 минг 875  нафар фуқарога бўлиб берилади. Эътиборлиси шундаки,  “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 42 минг 27 нафар фуқарога такрорий экин экиб, оилавий бюджетига қўшимча даромад келтириш мақсадида тақсимлаб берилмоқда. Аҳолининг кучли ижтимоий ҳимоя қилиш учун ушбу гуруҳ вакилларига 10 та кластер корхоналари ва экспортёрлар бириктирилди.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 4 минг 258 гектар ерда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш юзасидан шудгорлашдан тортиб барча агротехник тадбирлар амалга оширилади. Икки томонлама тузилган шартномага кўра, етиштирилган ҳосил ушбу корхоналар томонидан қабул қилиниб, қайта ишланади ва ички истеъмол бозори ҳамда экспортга йўналтирилади.

Жорий йилнинг 5 июль ҳолатига кўра, 75 минг 830 гектар ер майдонидаги бошоқли дон экинлари йиғиштириб олинди. Мазкур ер майдонининг 62 минг 638 гектари сомондан тозаланиб шудгорланди ва такрорий экинлар экилди. Буғдойдан бўшаган майдонларда такрорий экинлар экилиши билан боғлиқ агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан вилоятда 230 та отрядлар шакллантирилди.

Яна бир гап. Жорий йилда такрорий экинларни экишда асосан, ички бозор талаби ҳамда аҳоли эҳтиёжларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда, ҳозирга қадар 1 минг 408 гектар ерда сабзавот, 2 минг 160 гектар картошка, 173 гектарда мойли экинлар, 21 минг 422 гектар ер майдонида дуккакли ҳамда 9 минг 920 гектар ерда озуқа экинлар экилди.

Хусусан, Жомбой туманида 7 минг 92 гектар, Оқдарё туманида 5 минг 734 гектар, Самарқанд туманида 1 минг 119 гектар, Пастдарғомда 7 минг 400 гектар, Иштихон туманида 4 минг 180 гектар ер майдонида такрорий экинлар экилиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда, дея хабар беради Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.

Кўрилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, ички истеъмол бозори ва аҳоли эҳтиёжи учун сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришдан иборат.